“Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танловининг туман босқичи бўлиб ўтди
Навоий вилояти Учқудуқ туманидаги 2-сонли техникумида “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Дастлаб тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда малакали кадрлар тайёрлаш, ёшларнинг касб-ҳунарга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг истеъдодларини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.
Танловда тумандаги 1- ва 2 - сонли техникум ўқувчилари, талабалар, ёшлар ва айни пайтда банд бўлмаган ёшлар 10 та йўналиш бўйича ўз билим ва амалий кўникмаларини намойиш этди.

Иштирокчилар нафақат назарий билимларини, балки ўз соҳалари бўйича замонавий технологиялар ва ускуналар билан ишлаш маҳоратларини ҳам амалда кўрсатиб берди.
Ҳар бир йўналиш бўйича тақдим этилган инновацион лойиҳалар ва ижодий ёндашувлар кузатувчиларда катта таассурот қолдирди.

Муросасиз ва ҳаяжонли кечган баҳслар якунида ҳар бир йўналиш бўйича 3 нафардан иқтидорли ёшлар аниқланди. Улар эндиликда танловнинг вилоят босқичида Учқудуқ тумани шарафини ҳимоя қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири