Янги Ўзбекистон: 35 йиллик мустақилликнинг янги давлат бошқаруви ва тараққиёт фалсафаси
35 йил тарих учун узоқ давр эмас. Аммо давлат ва миллат тақдири нуқтаи назаридан қараганда, бу йиллар бир неча авлод хотирасига сиғадиган улкан ўзгаришларни мужассам этган даврдир. 1991 йилда давлат мустақиллигини қўлга киритган Ватанимиз қисқа тарихий муддатда ўз суверенитетини мустаҳкамлади, миллий давлатчиликнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини яратди, мустақил тараққиёт йўлини белгилади ва жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллади.
Мустақилликни шу маънода фақат сиёсий-ҳуқуқий воқеа сифатида баҳолаб бўлмайди. У халқимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши, давлат ва жамият ҳаётини миллий манфаатлар асосида қуриши учун тарихий имконият яратди. Шу боис мустақилликнинг ҳар бир йили, ҳар бир куни ва ҳар бир дақиқаси қадрли. Чунки бугунги Ўзбекистон қиёфаси бир кунда шакллангани йўқ. У 35 йиллик изланишлар, қарорлар, ислоҳотлар, тажриба ва сабоқларнинг маҳсулидир.
Бугун тараққиёт йўлига назар ташлар эканмиз, эришилган натижаларни фақат иқтисодий ўсиш, янги корхоналар, йўллар, уй-жойлар ёки ижтимоий объектлар сони билан ўлчаш камлик қилади. Мамлакатимиз тараққиётининг ҳақиқий мазмуни давлат қандай ўзгарганида, бошқарув қандай янгиланганида, фуқаронинг давлат билан муносабати қай даражада ўзгарганида, инсоннинг ўз келажагига ишончи ва дахлдорлиги қанчалик кучайганида намоён бўлади. Айнан шу нуқтаи назардан 35 йиллик мустақиллик тарихини давлат бошқаруви эволюцияси орқали кўриш алоҳида аҳамият касб этади.
Истиқлолнинг дастлабки йилларида энг асосий вазифа мустақил давлатни барпо этиш эди. Янги давлатнинг ҳуқуқий пойдеворини яратиш, ҳокимият институтларининг ваколатларини белгилаш, миллий қонунчилик тизимини шакллантириш, иқтисодий ва ижтимоий бошқарувнинг янги механизмларини жорий этиш бир вақтнинг ўзида ҳал қилиниши лозим бўлган вазифалар эди.
1992 йилда қабул қилинган Конституция ана шу тарихий эҳтиёжга жавоб берди. У мустақил Ўзбекистон давлатчилигининг ҳуқуқий асосларини белгилаб, давлат ҳокимияти тизимининг фундаментал принципларини мустаҳкамлади. Кейинги йилларда парламент институти ҳам босқичма-босқич такомиллашди. Дастлаб бир палатали парламент фаолият юритган бўлса, кейинчалик икки палатали парламент тизимига ўтилиши Ўзбекистон парламентаризмининг институционал ривожида муҳим босқич бўлди.
Шу тариқа мустақилликнинг дастлабки чорак асри давомида давлатчиликнинг асосий устунлари барпо этилди. Бу даврнинг тарихий вазифаси, аввало, давлатни қуриш, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва бошқарув барқарорлигини таъминлашдан иборат бўлди.
2016 йилга келиб эса мамлакатимизда давлатчиликнинг асосий институтлари шаклланган, қонунчилик тизими ривожланган, икки палатали парламент модели қарор топган, бироқ ҳаётнинг ўзи давлат бошқаруви олдига янги талабларни қўяётган эди. Жамият ўзгарди, аҳоли эҳтиёжлари кенгайди, тадбиркорлик ва хусусий мулкнинг роли ортди, ахборот технологиялари ҳаётимизга чуқур кириб келди. Энг муҳими, одамларнинг дунёқараши ўзгарди.
Фуқаро учун давлат бошқаруви абстракт тушунча эмас. У паспорт олишда, уй-жойини расмийлаштиришда, тадбиркорлик фаолиятини бошлашда, фарзандини таълимга жойлаштиришда, ижтимоий хизматдан фойдаланишда ёки чет элга чиқиш учун ҳужжат расмийлаштиришда давлат хизматларига мурожаат қилади. Шунинг учун давлат бошқарувининг сифати энг аввало ана шу оддий жараёнларда сезилади.
2016 йилга келиб давлат бошқарувида ана шу эҳтиёжларга мос янги ёндашувларга талаб кучайди. Давлат идораларининг очиқлиги, фуқаролар билан тўғридан-тўғри мулоқот, ортиқча маъмурий тўсиқларни қисқартириш, давлат хизматларини соддалаштириш, парламент назоратини кучайтириш каби вазифалар кун тартибига чиқди.
2017 йилдан бошланган янги босқичнинг муҳим жиҳати ҳам шунда бўлдики, давлат бошқарувининг марказига инсон қадри, унинг ҳуқуқи ва эҳтиёжи қўйилди. Президентимиз томонидан илгари сурилган давлат идоралари халққа хизмат қилиши кераклиги ҳақидаги тамойил давлат бошқарувининг янги мазмунини белгилаб берди.
Бу ғоя ҳаётда конкрет институтлар ва механизмлар орқали намоён бўлди. Халқ қабулхоналари ва Президентнинг Виртуал қабулхонаси ташкил этилди. Фуқаронинг мурожаатини эшитишнинг ўзи етарли эмаслиги, унинг ортида турган муаммони ҳал қилиш зарурлиги давлат органлари фаолиятининг муҳим мезонига айлана бошлади. Бу давлат ва инсон ўртасидаги муносабатлардаги жиддий ўзгариш эди.
2017–2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси, кейинги Тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон — 2030” стратегияси айнан шу янгиланишларни ягона стратегик мақсадлар тизимига бирлаштирди. Давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, парламент ва сиёсий партиялар ролини кучайтириш, электрон ҳукуматни ривожлантириш, давлат хизматларини яхшилаш, жамоатчилик назоратини кенгайтириш каби вазифалар мамлакат тараққиётининг муҳим йўналишларига айланди.
Натижаларни иқтисодий кўрсаткичлар ҳам тасдиқлайди. Кейинги ўн йилликда мамлакатимиз иқтисодиётининг ҳажми 50 миллиард доллардан 147 миллиард долларга етди. Валюта бозорининг либераллаштирилиши тадбиркорлик муҳитига жиддий таъсир кўрсатди. Хусусий сектор ва хорижий инвестициялар учун янги имкониятлар очилди. 2025 йилнинг ўзида иқтисодиётга 43 миллиард доллар инвестиция жалб қилингани бу жараён кўламини кўрсатади.
Иқтисодий ислоҳотларнинг мазмуни одамларнинг ҳаётида ҳам сезилмоқда. Сўнгги ўн йилда қурилаётган уй-жойларнинг йиллик ҳажми 10 баробар ошиб, 2025 йилда 238 мингта хонадонга етди. Бу рақам ортида юз минглаб оилаларнинг уй-жой шароити яхшиланиши, қурилиш соҳасида янги иш ўринлари пайдо бўлиши ва шаҳарлар қиёфасининг ўзгариши каби жараёнлар турибди.
Давлат бошқарувидаги ўзгаришларнинг яна бир муҳим кўриниши рақамлаштиришдир. Давлат хизматлари, солиқ, банк, тўлов ва бошқа кўплаб соҳаларда электрон хизматлар кўлами кенгайди. Илгари фуқаронинг бир маълумотнома учун бир нечта идорага бориши талаб этилган бўлса, бугун кўплаб хизматларни масофадан туриб олиш имконияти мавжуд. Рақамлаштириш шу тариқа технологик янгиликдан давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатларни соддалаштирувчи амалий воситага айланди.
Давлат бошқарувининг инсон ҳаётига яқинлашганини ижтимоий ҳимоя тизимидаги ўзгаришлар ҳам кўрсатади. Сўнгги уч йилда ижтимоий хизматлар тури 23 тадан 140 тага етди. Камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг алоҳида устувор йўналишига айланди. Ўтган даврда 8,5 миллион нафар эҳтиёжманд аҳолининг даромадлари оширилиб, камбағаллик даражаси қарийб 35 фоиздан 5,8 фоизга туширилди.
Таълимдаги натижалар ҳам ислоҳотларнинг узоқ муддатли таъсирини кўрсатади. Мактабгача таълим билан қамров 27 фоиздан 78 фоизга, олий таълим билан қамров эса 9 фоиздан 44 фоизга етди. Бу рақамларнинг ҳар бири ортида муайян инсон тақдири бор.
Шу жиҳатдан Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим натижаларидан бири иқтисодий ёки институционал ўзгаришлар билан бир қаторда инсоннинг ўзида юз бераётган сифат ўзгаришидир. Ўз ҳуқуқини биладиган, давлат органидан қонуний ва сифатли хизмат талаб қиладиган, тадбиркорлик қилишга, билим олишга, ўз ташаббусини рўёбга чиқаришга интилган фуқаро янги давлат бошқарувининг ҳам субъекти, ҳам унинг якуний натижасидир.
Бу жараёнда парламентнинг ўрни ҳам ўзгармоқда. Давлат мустақиллигининг дастлабки босқичида парламент олдида миллий қонунчиликнинг ҳуқуқий пойдеворини яратиш вазифаси турган бўлса, бугун ундан қабул қилинаётган қонунларнинг ҳаётдаги таъсирини баҳолаш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан таъсирчан назорат ўрнатиш, сайловчилар манфаатларини қонунчилик жараёнига олиб кириш ва давлат сиёсатининг натижадорлигини баҳолаш талаб этилмоқда.
Қонун фуқаро, тадбиркор, таълим муассасаси, тиббиёт тизими ёки маҳалла ҳаётида қандай ишлаши қонунчилик самарадорлигининг ҳақиқий мезонидир. Шунинг учун замонавий парламентаризмда қонуннинг матни билан бир қаторда унинг ижтимоий таъсири, ижроси ва натижасини ўрганиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ана шу эҳтиёж Парламент тадқиқотлари институти фаолиятида ҳам ўз аксини топмоқда. Институт 2017 йилда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан парламентга келиб тушаётган таклифларни чуқур ўрганиш, қонун ижодкорлигини илмий-таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган эди. 2023 йилдан унинг фаолияти Қонунчилик палатаси ҳузурида янги институционал асосда давом эттирилди.
2020–2024 йилларда Институт томонидан қонун лойиҳалари ва амалдаги қонунлар юзасидан 166 та илмий хулоса тайёрланган, хорижий парламентлар тажрибасини ўрганиш асосида 100 дан зиёд таклиф ишлаб чиқилган. 2025 йилнинг ўзида Қонунчилик палатаси қўмиталари, комиссиялари, депутат ва сенаторлар сўровлари асосида 40 та ахборот-таҳлилий маълумот тайёрланган. Хорижий парламентлар тажрибаси асосида 33 та таклиф ва тавсия ишлаб чиқилиб, халқаро парламентлар фаолиятига оид 52 та ҳафталик таҳлилий тўплам тайёрланган.
2026 йилнинг биринчи ярмида эса Институтга тадқиқотчи-олимлар ва фуқаролардан қонунчиликка оид 100 дан ортиқ таклиф келиб тушган. Парламент фракциялари ва қўмиталари сўровлари асосида 23 та илмий хулоса ва таклиф тайёрланган. Институт ташаббуси билан 40 дан ортиқ тадбир ўтказилган.
Бу рақамлар бир қарашда Институт фаолиятининг статистик кўрсаткичларидек туюлади. Аслида улар мамлакатимизда қарор қабул қилиш маданиятининг ўзгараётганидан далолат беради. Давлат бошқаруви қанчалик мураккаблашса, қарорларнинг пухталиги учун таҳлил, маълумот, прогноз ва илмий экспертизага эҳтиёж шунчалик ортади.
2023 йилги конституциявий ислоҳотлар ҳам давлат бошқарувидаги бу янги ёндашувларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлади. Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат экани белгилаб қўйилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатлари кенгайтирилди, давлатнинг инсон олдидаги масъулиятига доир нормалар кучайтирилди.
Конституциявий ислоҳотларнинг кўламини рақамлар ҳам кўрсатади. Конституцияни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида 5 та экспертлик кенгаши ташкил этилди, янги конституциявий нормаларни тушунтиришга қаратилган 10 мингдан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди, принципиал аҳамиятга эга 50 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Бу жараён давлат бошқарувининг ҳуқуқий асосларини янгилаш билан бирга, инсон ва давлат ўртасидаги муносабатларга ҳам янги мезонларни олиб кирди.
Фуқаронинг давлат ишларидаги иштироки ҳам кенгайиб бормоқда. 2020–2024 йилларда “Mening fikrim” портали орқали 3 406 тадан зиёд электрон жамоавий мурожаат келиб тушган. Уларда автомобил ойнасини тусини ўзгартириш, жамоат транспортида ойна қорайтириш, IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш, ишончнома билан боғлиқ талабларни енгиллаштириш каби жуда оддий, аммо одамларнинг кундалик ҳаётига дахлдор масалалар кўтарилган.
Айнан шу ерда демократик бошқарувнинг моҳияти кўринади. Катта сиёсий қарорлар кўпинча оддий ҳаётий муаммолардан бошланади. Фуқаронинг бир масала юзасидан билдирган фикри қонунчилик ташаббусига айланиши, жамоатчилик талаби давлат сиёсатига таъсир кўрсатиши мумкин. Демак, давлат бошқарувининг демократик мазмуни одамларнинг ҳаётига яқинлашган сари кучаяди.
Янги Ўзбекистоннинг давлат бошқаруви фалсафасини ташқи сиёсат ва парламент дипломатиясидаги ўзгаришлардан ҳам айри тасаввур қилиб бўлмайди. Кейинги ўн йилда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари, Озарбайжон, Беларусь, Грузия, Россия ва Туркия парламентлари билан алоқалари сезиларли даражада жадаллашди. Қонунчилик палатасида хорижий парламентлар билан дўстлик гуруҳларининг мақоми ва фаолияти кучайди, ўзаро ташрифлар ва парламентлараро мулоқотлар кўлами кенгайди.
Ўзбекистоннинг Парламентлараро Иттифоқ, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Осиё Парламентлари Ассамблеяси, Марказий Осиё парламентлари форуми каби халқаро платформалардаги иштироки ҳам янги босқичга кўтарилди.
Президентимиз ташаббуси билан Тошкентда Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси ўтказилиши Ўзбекистон парламентаризмининг халқаро нуфузи ўсиб бораётганини кўрсатган муҳим воқеа бўлди. Давлатимиз раҳбарининг хорижий мамлакатларга ташрифлари давомида парламентлар раҳбарлари билан учрашувларга алоҳида эътибор қаратилиши эса парламент дипломатиясининг давлат ташқи сиёсатидаги ўрни тобора мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Айни пайтда Ўзбекистон парламент дипломатияси доирасида глобал кун тартибидаги масалаларга ҳам ўз муносабатини билдириб, халқаро ташаббусларни илгари сурмоқда. Президент ташаббуси билан 2022 йил 14 декабрда ва 2026 йил 24 июлда барқарор ривожланиш ҳамда ижтимоий тараққиётни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтиришга қаратилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг икки резолюцияси қабул қилингани бу йўналишдаги муҳим натижалардан биридир.
Ташқи сиёсатдаги очиқлик ва яхши қўшничилик тамойиллари ҳам Янги Ўзбекистон тараққиёт фалсафасининг муҳим қисмига айланди. Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари мунтазам мулоқот майдонини шакллантирди. Озарбайжоннинг ушбу мулоқот форматига қўшилиши минтақавий ҳамкорлик доирасини янада кенгайтирди. Бугун Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларда ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва амалий манфаатдорлик тобора кўпроқ қарор топмоқда.
Бу ҳам давлат бошқаруви фалсафасидаги муҳим ўзгаришни кўрсатади. Замонавий давлатнинг салоҳияти унинг ички бошқаруви билан бирга ташқи муносабатларни қандай қуриши, қўшнилари билан қандай мулоқот қилиши ва умумий манфаатларни қай даражада уйғунлаштира олиши билан ҳам белгиланади.
Бугунги ўзгаришларнинг моҳиятини, аввало, давлатнинг инсонга муносабатида кўриш мумкин. Давлат идорасининг фуқарога қанчалик яқинлиги, унинг мурожаатига қанчалик тез ва адолатли жавоб берилиши, қонуннинг кундалик ҳаётда қандай ишлаши, яратилган имкониятлардан ким ва қай даражада фойдалана олиши давлат бошқарувининг ҳақиқий мезонларига айланмоқда. Шу жиҳатдан Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар давлат тизимини шунчаки янгилаш билан чекланмай, давлатчиликнинг мазмунини бойитмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, 35 йиллик мустақиллик йўли шуни кўрсатдики, давлатчилик замон ва жамият эҳтиёжлари билан бирга такомиллашиб борадиган узлуксиз жараёндир. 1991 йилда мустақил давлатнинг ҳуқуқий пойдевори яратилган бўлса, бугун унинг мазмуни инсон қадри, қонун устуворлиги, очиқлик, ҳисобдорлик ва самарали бошқарув билан бойимоқда.
Янги Ўзбекистон тараққиёт фалсафасининг моҳияти давлат салоҳиятини инсон имкониятлари билан уйғунлаштириш, ислоҳотлар самарасини эса фуқаролар ҳаётидаги аниқ ва сезиларли ўзгаришлар орқали баҳолашда намоён бўлмоқда. Бугунги устувор вазифа — мустақиллик йилларида шаклланган мустаҳкам давлатчилик пойдеворини замон талаблари асосида такомиллаштириб, Учинчи Ренессанс ғояларини рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган барқарор, замонавий ва инсон манфаатларига йўналтирилган давлат ва жамият муҳитини шакллантиришдир.
Зеро, мустақилликнинг ҳақиқий қадри 35 йиллик тараққиёт йўлида яратилган имкониятларни асраб-авайлаш, уларни янги мазмун билан бойитиш ва келажак авлод учун мустаҳкам тараққиёт пойдеворига айлантириш масъулиятида намоён бўлади.
Акром ТОШПУЛАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги
Парламент тадқиқотлари инстиути директори,
юридик фанлари доктори.
ЎзА