Сенатда «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишонлари топширилди
Олий Мажлис Сенатида «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони ўз эгаларига топширилди.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қудрати ва салоҳияти, жаҳон майдонидаги нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган, ўзининг кўп йиллик фидокорона меҳнати, юксак касбий маҳорати ва ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки билан эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган бир гуруҳ юртдошларимиз Президент фармонига мувофиқ таъсис этилган «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирланди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан эсдалик нишонини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Улар орасида сенаторлар, Марказий сайлов комиссияси раиси, Сенат девони, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, “Тараққиёт стратегияси” маркази ходимлари ҳамда Ёшлар парламенти аъзолари бор.
Тадбирда сўзга чиққанлар давлатимиз томонидан билдирилган юксак ишонч учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида бундан буён ҳам сидқидилдан хизмат қилишларини таъкидлади.
Н.Абдураимова,
ЎзА