Янги бино қурилиши бошланди
Нукусда Инновацион технологиялар университетининг янги биносини бунёд этиш ишлари бошланди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ.Шарипов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов, Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Б.Отемуратов иштирок этди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида ёшларни ҳар томонлама билимли инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг таълим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада, давлат таълим муассасалари билан бирга, нодавлат таълим масканлари сонини ошириш, таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда. Шундай чора-тадбирларнинг давоми сифатида Инновацион технологиялар университети янги биносига тамал тоши қўйилишини қайд этиш мумкин.
Янги барпо этиладиган ўқув мажмуасида 10 минг нафар талаба таҳсил олиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, 1000 ўринли талабалар ётоқхонаси, спорт зали ва махсус майдончалар, ўқув-лаборатория хоналари қурилади ҳамда талабалар учун барча қулай шароитлар яратилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА