Истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар асосида ҳудудларда электр таъминоти сифатини яхшилаш мақсадида “Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ томонидан кенг кўламли амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Бугунги кунда Бухоро вилоятида электр энергетикаси тизимини модернизация қилиш, мавжуд тармоқларни янгилаш ҳамда истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу эса аҳоли учун янада қулай турмуш шароитлари яратиш, ҳудудларнинг энергетик салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
[gallery-29985]
Жумладан, Ғиждувон туманидаги “Тахтахон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига қарашли Работи Эшон қишлоғида хизмат муддати ўтаган ва техник ҳолати талабларга жавоб бермайдиган симёғочлар ўрнига 20 та темир-бетон таянч ўрнатилди. Шунингдек, мазкур ҳудудда қарийб 3 минг метр электр узатиш тармоғини янгилаш ҳамда бир дона трансформатор пункти қувватини ошириш ишлари режалаштирилган бўлиб, улар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Айни пайтда Вобкент туманидаги “Латифсобунгар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳам эскирган симёғочларни замонавий темир-бетон таянчларга алмаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун ҳудудга 33 та янги таянч етказиб берилган бўлиб, қурилиш-монтаж ишларига махсус техника воситалари ва малакали мутахассислар жалб этилган.
Таъкидлаш жоизки, электр тармоқларини янгилаш ва модернизация қилишга қаратилган бундай ишлар электр узатиш тизимларининг ишончлилигини ошириш, авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда истеъмолчиларни барқарор ва сифатли электр энергияси билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Энг муҳими, амалга оширилаётган лойиҳалар натижасида аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъектларининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи янада сифатли қондирилмоқда. Бу эса фуқароларнинг турмуш даражасини юксалтириш, замонавий қулайликларни кенгайтириш ҳамда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА