Велоспортчиларимиз Тожикистонда 6 та медални қўлга киритди
Самарқандлик велоспортчилар Тожикистондаги нуфузли мусобақада ёрқин старт олди. Уларнинг илк кундаги муваффақияти кейинги баҳсларга умид бағишлайди.
Тожикистоннинг Хўжанд вилоятида велоспортнинг трек ва шоссе йўналишларида мамлакат чемпионати ҳамда вилоят ҳокими кубоги мусобақалари ўтказилмоқда. Унда Самарқанд вилоятидан ташриф буюрган спортчиларимиз ҳам муносиб иштирок этиб, мусобақанинг биринчи кунида 3 тадан олтин ва кумуш медални қўлга киритди.
Мусобақанинг чиқиб кетиш (гуруҳ) пойгасида Акобир Исматиллаев ва Шофайз Исоқулов, жамоавий пойгада Акобир Исматиллаев ва Мироншоҳ Баҳодиров, 1000 метрга индивидуал пойгада эса Акмал Аъзамов ва Озодбек Асроров ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА