Вазир соғломлаштириш оромгоҳлари фаолиятини ўрганди
Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова Қорақалпоғистон Республикасидаги соғломлаштириш оромгоҳлари фаолиятини ўрганди.
Учрашувлар давомида вазир Амударё тумани “Дўрмон” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Қалдирғоч” оромгоҳида бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Жумладан, ошхона, кутубхона, тўгарак хоналари ҳамда дам олиш масканлари кўздан кечирилди.

Таъкидлаш жоизки “Дўрмон” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 84-сонли умумий ўрта таълим мактаби биносида фаолият юритувчи “Қалдирғоч” дам олиш маскани 2026 йил ёз мавсумига тўлиқ тайёр ҳолга келтирилган.Оромгоҳда ёзги мавсум давомида Спорт ҳамда Маданият вазирликлари билан ҳамкорликда турли маънавий-маърифий ва спорт тадбирларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Биринчи мавсум 3 июндан 15 июнгача давом этади ҳамда 12 кунлик дам олиш жараёнини ўз ичига олади. Мазкур масканда ҳар бир сменада 100 нафардан, жами 5 сменада 500 нафар болани соғломлаштириш кўзда тутилган.
Тадбирда Оролбўйи болаларининг ёзги таътил даврини мароқли ташкил этиш ҳамда соғломлаштириш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилиб, вазифалар белгиланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.