Қурғоқчил ҳудудларни яшиллаштиришда япон мутахассислари жалб этилади
Глобал экологик фонд (GEF)нинг VIII Ассамблеяси доирасида Ўзбекистон ва Япония ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда ўрмон хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ҳужжат имзоланди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги директори Эркин Муҳиддинов ҳамда Япониянинг Саноат, маънавий ва маданий тараққиёт ташкилоти (OISCA) ижрочи вице-президенти Нагаиси Ясуаки ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида Ўзбекистонда сўнгги йилларда яшил ҳудудларни кенгайтириш, чўлланиш жараёнларининг олдини олиш ва иқлим ўзгаришининг салбий таъсирларини юмшатиш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар хусусида маълумот берилди. Хусусан, янги ўрмонзорлар барпо этиш ва мавжуд ўрмон фондларини муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар муҳокама қилинди.
Учрашув якунида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат мамлакатимизда янги ўрмонлар барпо этиш, уларни муҳофаза қилиш ҳамда ўрмон ресурсларидан барқарор фойдаланиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутади.

Меморандум доирасида Япония мутахассислари билан ҳамкорликда республиканинг қурғоқчил ва деградацияга учраган ҳудудларида чўлланишнинг олдини олиш, атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш мақсадида “яшил қопламалар” ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, кўчат етиштиришни ривожлантириш ва ноёб дарахт турлари уруғларини маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Томонлар ўрмон хўжалиги соҳасида илмий тажриба алмашиш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда семинар, тренинг, ўқув курслари ва форумларни биргаликда ташкил этиш масалаларида ҳам келишувга эришди.
Мазкур меморандум Ўзбекистон ва Япония ўртасида экологик барқарорликни таъминлаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва чўлланишга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА