Ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаган лойиҳа
Мирзаобод тумани ҳудудида жойлашган Тошкент ҳарбий округи тасарруфидаги Сафарбарлик чақирув резерви баталёнида “Ҳарбий қисмда бир кун” лойиҳаси доирасида ўқувчи-ёшлар учун ватанпарварлик руҳидаги амалий тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят Кенгаши ҳамда Гулистон ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан ўтказилган ушбу лойиҳа ёшларни ҳарбий хизматнинг кундалик ҳаёти, армия тизимидаги интизом ва тайёргарлик жараёнлари билан яқиндан таништиришни мақсад қилди.
Тадбир Сирдарё вилоят фахрийлар кенгаши, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, Миллий гвардия Сирдарё вилоят бошқармаси ҳамда меҳнат фахрийлари ва ижодкорлар иштирокида янада кенг қамровли тарзда ўтди.
Гулистон ҳарбий прокуратурасига бириктирилган Мирзаобод ва Гулистон туманларидан келган ўқувчи-ёшлар ҳарбий қисмнинг кундалик фаолияти билан бевосита танишдилар. Улар хизматчиларнинг кун тартиби, жисмоний тайёргарлик машғулотлари ҳамда ҳарбий интизом муҳитини кузатиш имконига эга бўлишди.
[gallery-28896]
Шунингдек, ёшлар учун ташкил этилган махсус кўргазмада замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар намойиш этилди. Мутахассислар томонидан уларнинг техник имкониятлари, қўлланилиш соҳалари ҳамда армиянинг замонавий салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ёшлар томонидан берилган саволлар ва билдирилган қизиқишлар лойиҳага бўлган эътибор юқори эканини кўрсатди. Амалий мулоқотлар уларнинг ҳарбий соҳага бўлган қизиқишини янада кучайтирди.
Тадбир якунида таъкидланганидек, “Ҳарбий қисмда бир кун” каби лойиҳалар ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси ҳамда ҳарбий касбга ҳурмат ва қизиқишни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Бугунги кунда ёшларнинг ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳарбий соҳага бўлган қизиқишини ошириш биз учун устувор вазифалардан биридир. “Ҳарбий қисмда бир кун” каби лойиҳалар орқали ёшлар нафақат ҳарбий хизматнинг мазмун-моҳиятини, балки Ватан ҳимоячиси бўлиш қанчалик шарафли ва масъулиятли эканини амалда ҳис этмоқда. Бу эса уларнинг ҳаётий позициясини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Азизбек Раҳмонов.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА