Халқаро ҳаво транспорти ассоциациясининг Тошкент шаҳрида офиси очилди
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда соҳа масъуллари, мутахассислар ва халқаро ҳамкорлар иштирок этди.
Унда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев, Халқаро ҳаво транспорти ассоциациясининг Европа бўйича минтақавий вице-президенти Рафаэль Шварцман ва бошқалар сўзга чиқиб, томонлар ҳамкорлиги ушбу соҳа равнақида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Мутахассислар қайд этганидек, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги географик жойлашувидан самарали фойдаланиб, қўшни давлатлар, шунингдек, Осиё, Кавказ ва Европа билан ҳаво қатновини таъминлайдиган муҳим минтақавий хабга айланади. IATA прогнозларига кўра, 2024-2050 йиллар давомида Ўзбекистонда йўловчи-километрлар (RPK) ўсиши 3,3 фоизни ташкил этади. Ушбу салоҳиятни рўёбга чиқариш учун бир қатор муҳим омиллар зарур. Энг аввало, халқаро стандартлар ва илғор амалиётларга мувофиқлик муҳим аҳамиятга эга. Бунда асосий омил IATAнинг операцион хавфсизлик аудити (IOSA) дастурини жорий этиш бўлиб, бу мамлакат авиакомпанияларининг хавфсизлик даражасига бўлган ишончни янада оширади.

Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориевнинг сўзларига кўра, ушбу воқеа нафақат Ўзбекистон учун, балки бутун минтақа учун муҳим босқичдир.
–Чунки айнан шу паллада биз Ўзбекистонда IATA имкониятлари доирасида ҳамкорлик ва ўзаро алоқаларимизни янада кенгайтириш имкониятига эгамиз. Энг муҳими эса, албатта, бу хавфсизлик ва молиявий операцияларнинг кафолатидир. Бу авиакомпаниялар фаолиятининг барқарорлигини таъминлаш, ишончни мустаҳкамлаш ва ушбу муҳитда ўз бизнесини давом эттириш учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу офиснинг очилиши шунчаки кичик бир тадбир эмас, балки Ўзбекистоннинг янги авиация бозори сифатидаги мақомини ифода этувчи муҳим рамздир. Бу имконият нафақат Ўзбекистон, балки авиация бозори жадал ривожланаётган қўшни мамлакатларимиз учун ҳам катта фойда келтиради.
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг маркази ва юраги, шунингдек, Буюк Ипак йўлининг муҳим қисми бўлиб келган. Бугун эса авиация соҳаси транспорт ва авиакомпаниялар фаолиятида янги муҳим омилга айланиб бораётганини кўряпмиз. Биз ушбу динамика давом этишига ва бу ҳамкорлик нафақат бизнинг томондан, балки IATA томонидан ҳам катта ишончни мустаҳкамлашига ишонамиз. Чунки бу ҳамкорлик икки томонлама манфаатлидир, – деди Ж. Чориев.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) 1945 йилда ташкил этилган, штаб-квартираси Канадада жойлашган глобал авиация ташкилотидир. У дунё бўйлаб 300 дан ортиқ авиакомпанияни бирлаштиради ва жаҳон авиация соҳасида ягона стандартларни жорий этиш, хавфсизликни таъминлаш ҳамда ҳаво қатновини самарали ташкил этиш билан шуғулланади.
Тадбирда IATAнинг Европа бўйича минтақавий вице-президенти Рафаэль Шварцман жорий йил охиригача Ўзбекистонда “Billing and Settlement Plan” (BSP) тизими ишга туширилишини маълум қилди.
– Ўзбекистон жадал суръатларда ўсиб бораётган бозор бўлиб, йўловчи ва юк ташиш ҳажми бўйича Марказий Осиёда етакчи ўринни эгаллаб келмоқда. IATAнинг Ўзбекистондаги офиси ва BSP тизими авиация хавфсизлиги ҳамда операцион самарадорликни ошириш натижасида ҳаво қатновини ривожлантиришга стратегик ҳисса қўшади. Офиснинг очилиши билан IATA мутахассислари авиакомпаниялар ва аэропортларга хавфсизлик ҳамда операциялар бўйича глобал стандартларни жорий этишда янада яқиндан амалий ёрдам кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, BSP тизими авиакомпанияларга молиявий транзакцияларни глобал даражада янада тежамкор ва самарали амалга ошириш имконини беради, шунингдек, хизматлар ва маҳсулотларни бутун дунё бўйлаб тарқатишни осонлаштиради. Бу эса халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим имкониятлар яратади, – деди Р. Шварцман.
Тадбир доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА