Ватанга садоқат сабоқлари
Ватанга муҳаббат, юрт тинчлигига дахлдорлик ва эл-юрт олдидаги масъулият туйғуси авлоддан-авлодга ўтиб, ҳаётий тажриба билан сайқалланиб боради. Мирзаобод туманидаги Сафарбарлик чақирув резерви баталионида ташкил этилган “Уч авлод учрашуви” ҳам ана шу эзгу анъананинг амалий ифодаси бўлди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори ҳамда “Ватан учун хизмат — энг олий бахт” ғояси остида ўтказилган тадбирда ҳаётий тажрибага эга фахрийлар, ҳарбий хизматчилар ва ёшлар бир даврада жамланди.

Учрашув Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгаши, Сирдарё вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси Фахрийлар кенгаши, Мудофаа вазирлиги Жамоатчилик кенгаши ҳамда Сирдарё вилояти Нуронийлар жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Самимий мулоқот давомида Ватан ҳимояси, ҳарбий хизматнинг шарафи ва масъулияти, ёшларнинг юрт тақдиридаги ўрни, миллий ғурур ва фидойилик каби тушунчалар хусусида фикр алмашилди. Фахрийлар ўзларининг бой ҳаётий ва хизмат тажрибалари билан ўртоқлашиб, ёшларга ҳар қандай ютуқ замирида интизом, сабр-матонат, меҳнатсеварлик ва мақсадга қатъий интилиш туришини таъкидладилар. Айниқса, Ватан ҳимоячиси бўлиш нафақат ҳарбий либос кийиш ёки хизмат вазифасини бажариш, балки юрт тақдирига масъулият билан қараш, тинчлик ва осойишталикни қадрлаш, зарур пайтда эл-юрт ҳимоясига тайёр туриш экани хусусида фикрлар билдирилди.

— Бугун Мирзаободдаги ҳарбий қисмида ўтказилган “Уч авлод учрашуви”нинг аҳамияти шундаки, бундай мулоқотларда ҳаётий тажриба билан ёшлик ғайрати бир нуқтада туташади. Фахрийлар ўз ҳаёт йўли, меҳнат ва хизмат йилларида орттирган тажрибаларини ёшлар билан баҳам кўради. Бу эса ёш авлод учун тайёр ҳаётий сабоқдир. Айниқса, ҳарбий хизматчилар билан мулоқот жараёнида Ватанга садоқат, бурч ва масъулият, интизом ҳамда мардлик каби фазилатларнинг моҳияти янада теран англанади.
Бугун юртимиз тинчлиги ва осойишталигини асраш, унинг тараққиётига ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир. Шу маънода, авлодлар ўртасидаги бундай самимий учрашувлар ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва фидойилик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, кексаларнинг ҳаётий тажрибаси — ёшлар учун йўл кўрсатувчи маънавий мактабдир, — дейди Фахрий журналист, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, маҳалла фаоли Жумабой Қосимов.

Тадбирда ёшларнинг фикр ва саволларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Улар фахрийлар ва ҳарбий хизматчилар билан очиқ мулоқот қилиб, ҳарбий хизмат, касб танлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиш, интизом ва масъулият ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Бу каби мулоқотлар ёшларнинг мустақил фикрлаш қобилиятини ошириш, ҳаётий мақсадларини аниқ белгилаш ва ўз олдига қўйган вазифаларга масъулият билан ёндашишига туртки беради.

— Бугунги “Уч авлод учрашуви” ёшлар учун катта ҳаётий мактаб вазифасини ўтамоқда. Ёш авлоднинг Ватанга садоқати, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси ва фуқаролик позициясини шакллантиришда фахрийлар, ҳарбий хизматчилар ва нуронийларнинг ҳаётий тажрибаси муҳим ўрин тутади. Бундай учрашувларда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита жавоб олиб, хизмат ва ҳаёт йўлида зарур бўладиган сабоқларни ўзлаштирадилар. Айниқса, ҳарбий хизматда интизом, матонат, масъулият ва Ватанга садоқат каби фазилатлар алоҳида аҳамиятга эга. Биз ёшлар билан ишлашда ана шу тушунчаларни уларнинг қалбига сингдиришга, Ватан ҳимояси муқаддас бурч эканини чуқур англатишга ҳаракат қилмоқдамиз. Бундай маънавий-маърифий тадбирлар ёшларнинг ҳарбий хизматга қизиқишини ошириш, уларда ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш ва фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга хизмат қилади, — деди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгашининг ҳарбий қисм ва муассасаларидаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўлими бошлиғи, капитан Фурқатжон Азимов.

Учрашувнинг бадиий қисми ҳам тадбир иштирокчиларида илиқ таассурот қолдирди. Ҳарбий хизматчилар томонидан ижро этилган ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар, дилбар наволар ва саҳна чиқишлари тадбирга кўтаринки кайфият бағишлади. Санъат орқали Ватанга муҳаббат, юртга садоқат ва миллий ғурур туйғулари янада таъсирчан ифода этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири