Ободлик ва саранжом-саришталик намунаси эътироф этилди
Ширин шаҳрида хонадонларни обод ва кўркам сақлаш, томорқа ерларидан унумли фойдаланиш, аҳоли ўртасида озодалик ва саранжом-саришталик маданиятини юксалтиришга қаратилган “Энг намунали хонадон” ва “Энг яхши томорқа” танлови ўтказилди.
Танловлардан кўзланган асосий мақсад — аҳоли, жумладан, ходимлар ўртасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини кенг тарғиб қилиш, мавжуд томорқа имкониятларидан самарали фойдаланиш, оилавий меҳнат ва тадбиркорлик кўникмаларини рағбатлантириш, шунингдек, миллий қадриятларимизга хос хонадон маданиятини янада юксалтиришдан иборат.

Танлов жараёнида хонадонларнинг умумий ободлиги, тозалиги ва озодалиги, ҳовли ҳамда атроф-муҳитнинг саранжом-саришталиги, гул ва манзарали кўчатларнинг парвариши, томорқа ерларидан оқилона ва самарали фойдаланиш каби мезонларга алоҳида эътибор қаратилди.

Айниқса, томорқадан нафақат кундалик эҳтиёж учун, балки оила даромадини ошириш манбаи сифатида фойдаланиш, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш, ҳовлиларда кўкаламзор ҳудудларни кенгайтириш борасидаги ташаббуслар муносиб баҳоланди.
Бундай танловлар, аввало, хонадон эгаларини ўз ҳовлиси ва атроф-муҳитига янада масъулият билан ёндашишга ундайди. Обод хонадон эса обод кўча, обод маҳалла ва пировардида кўркам шаҳар қиёфасини шакллантиришга хизмат қилади.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, “Энг намунали хонадон” номинациясида М. Норбўтаевлар хонадони, “Энг яхши томорқа” номинациясида эса У. Эшиевлар хонадони ғолиб деб топилди.

Ғолиб хонадонлар нафақат тозалиги ва саранжом-саришталиги, балки ҳовлидаги ободлик, кўкаламзорлаштириш ишлари ҳамда томорқа имкониятларидан унумли фойдаланиш борасидаги ёндашуви билан ҳам эътиборга лойиқ бўлди.

Эътиборлиси, бундай ташаббуслар аҳоли ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириб, ҳар бир хонадонни янада обод, кўркам ва файзли қилишга ундайди. Зеро, хонадоннинг ободлиги — оила фаровонлигининг, маҳалланинг кўрки эса юрт ободлигининг муҳим кўринишларидан биридир.
Ширинда ўтказилган мазкур танлов ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилиб, озодалик, ободлик ва меҳнатсеварликни қадрлайдиган хонадонларни рағбатлантириш, уларнинг илғор тажрибасини кенг оммалаштиришга муносиб туртки берди.

Бу борада оиладаги ҳар бир инсоннинг, айниқса, хотин-қизлар — хонадон бекаларининг ўрни беқиёс. Зеро, хонадоннинг файзи, саранжом-саришталиги, ҳовли ва томорқанинг ободлигида аёлларнинг меҳнати ва ташаббуси яққол намоён бўлади.

— Бугун хотин-қизлар нафақат рўзғорни юритишда, балки томорқадан унумли фойдаланиш, гулзорлар яратиш, кўчат экиш, хонадон атрофини ободонлаштириш ва оила фаровонлигини оширишда ҳам фаол иштирок этишмоқда. Шунинг учун бундай танловларда оила эркаклари билан бир қаторда, хотин-қизларнинг меҳнати ва ташаббусини ҳам муносиб эътироф этиш муҳим. Зеро, обод ва файзли хонадоннинг ҳар бир бурчагида оила бекаларининг меҳри, диди ва машаққатли меҳнати акс этади. Бундай танловлар эса ана шу меҳнатни қадрлаш, яхши тажрибаларни оммалаштириш ва бошқаларни ҳам эзгу ташаббусларга ундашга хизмат қилади, — дейди Ширин шаҳар ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Дилдорахон Умарова.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири