Устоз ижодкорни хотирлаб
Ички ишлар вазирлиги академиясида миллий адабиётимизнинг атоқли вакили, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган хотира тадбири бўлиб ўтди.
Таниқли адиб ва шоирлар иштирок этган тадбирда беназир истеъдод соҳибининг ҳаёти ва ижоди, асарларида тараннум этилган теран ғоялар ҳақида батафсил фикрлар билдирилди.
Анжуманда таъкидланганидек, Абдулла Ориповнинг дастлабки шеърлари талабалик давридаёқ шеърият осмонида порлоқ юлдуздек чарақлаган эди.
Оташқалб шоир умрбўйи баракали ижод қилди. Шеъриятнинг турли жанрларида салмоқли асарлар яратди. Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғуларини, олижаноб инсоний фазилатларни мадҳ этувчи шеърияти билан халқимиз қалбидан жой олди. Унинг “Руҳим”, “Ўзбекистон”, “Ҳайрат”, “Йиллар армони”, “Сайланма”, “Дунё”, “Шоир юраги” сингари шеърий китоблари адабиёт ихлосмандларига яхши таниш. Улар орасида буюк саркарда бобомиз Амир Темур ва темурийлар даврига оид “Соҳибқирон” шеърий драмасини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Атоқли ижодкор жаҳон адабиётининг дурдона асарларини ўзбек тилига ўгиришда ҳам самарали меҳнат қилди. Бунинг натижасида Данте, Пушкин, Некрасов, Шевченко, Ҳамзатов сингари ёзувчи ва шоирларнинг шоҳ асарларини она тилимизда мутолаа қилишга мушарраф бўлдик.
Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов давлат мадҳиямиз сўзининг муаллифи сифатида халқимиз қалбида мангу яшайди. Президентимизнинг “Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори шоир хотирасига, шахсиятига, ижодига бўлган эҳтиромнинг юксак намунасидир.
Тадбирда устоз ижодкор ҳақидаги ёрқин хотиралар ёдга олинди. Иқтидорли курсантлар ижросида таъсирчан саҳна кўринишлари намойиш этилиб, шоир шеърларидан намуналар ўқилди. Абдулла Ориповнинг бетакрор ижоди ёш авлод маънавиятини юксалтиришда беқиёс аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Н.Усмонова, ЎзА