Учқўрғонда раҳбар ва ёшлар учрашуви
Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилоят кенгаши ташаббуси билан Учқўрғон туманида ҳар ҳафтанинг пайшанба куни эълон қилинган “Ёшлар куни” муносабати билан ўғил-қизлар иштирокида “Ватанпарвар ёшлар – ташкилот таянчи!” шиори остида учрашув ўтказилди.
Жорий йилнинг 24 февралида “Кўксарой” қароргоҳида бўлиб ўтган Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан мулоқотида белгиланган вазифалар ижроси доирасида туман ихтисослаштирилган мактабида ташкил этилган тадбирда “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилоят кенгаши раиси Аҳмаджон Аълохўжаев, Учқўрғон тумани ҳокими Дилшод Мирхонов ҳамда ҳудудий ҳамкор ташкилотлар вакиллари ва 200 дан ортиқ ёш авлод вакиллари қатнашдилар.


Очиқ мулоқот тарзида уюштирилган тадбир аввалида “Ватанпарвар” ташкилотининг фаолияти, мақсад-вазифалари, шунингдек, эртамиз эгалари учун яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди. Қолаверса, навқирон авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни жисмонан соғлом ва маънан етук қилиб камол топтиришга қаратилган лойиҳалар ҳақида тушунчалар берилди. Тадбир давомида ёшларнинг мурожаатлари, таклиф ва ташаббуслари тингланди. Саволларга атрофлича жавоблар қайтарилди.


Учрашув қатнашчилари “Ватанпарвар” тизимида фаолият юритаётган спортнинг техник-амалий турлари бўйича спорт секциялари, уларда иштирок этиш имкониятлари, машғулотлар тартиби ва мавжуд шарт-шароитлар ҳақида маълумотларга эга бўлишди. Шунингдек, ташкилотда амалга оширилаётган лойиҳалар, спорт тўгараклари ва машғулотлар акс этган видеоролик намойиш қилинди. “Ватанпарвар” имкониятлари, спорт секциялари ва касбга тайёрлаш йўналишлари ҳақидаги тарғибот флайерлари тарқатилди.
Тадбир якунида, спорт техникалари, ўқув қуроллари ва ўқув-машқ автомобиллари кўргазмаси ташкил қилинди.


Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА