Туркия: Янги мудофаа пакти НАТОнинг 5-моддасига ўхшаш
Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Покистон ва Саудия Арабистони билан имзоланган Макка ўзаро мудофаа шартномаси техник жиҳатдан НАТОнинг 5-моддасида мустаҳкамланган ўзаро мудофаа тамойилига мос келишини таъкидлади.
Иштирокчилар қўшма баёнотига кўра, томонлардан бирига қуролли ҳужум барчага қарши ҳужум деб ҳисобланади.
Мулозим янги иттифоқ ҳақида гапирар экан, шундай деган:
– Бизга ҳужум қилмаган мамлакат биз учун нишон бўлмайди... Саудия, Покистон ва Туркия экспансионист давлатлар эмас.
У шартнома Эронга қарши қаратилмагани, уч давлат жамоавий хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилганини таъкидлади. Шунингдек, Саудияда жойлашадиган доимий бош котибият таркибида НАТО моделидаги вазирлар қўмитаси ташкил этилишини эълон қилди. Ҳужум содир бўлган тақдирда ўзаро ёрдам кўрсатиш усулларини ўз ичига олган амалий тафсилот қўмитанинг биринчи йиғилишида аниқланади.
Дарвоқе, Миср ва яна бир неча давлат мазкур иттифоққа қизиқиш билдирмоқда. Қолаверса, бу уч мамлакат Кавказ юртлари билан ҳам Макка услубидаги қўшма мудофаа шартномасини имзолаши мумкин.
– Туркия Яқин Шарқ, Кавказ, Ўрта ер денгизи ва Европага нисбатан шунга ўхшаш стратегик позицияга эга, – дея таъкидлади у.
Келишув устида иш икки йил-у саккиз ой давом этган. Таъкидланишича, Туркия РФ ва Украинага ҳарбий ҳаракатга мораторий киритиш таклифини ҳам етказган.
С.Раҳимов, ЎзА