Туркия етакчисининг ёрдамчиси ўзбекистонлик ёш санъаткорлар билан учрашди
Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг ёрдамчиси, Туркий давлатлар билан алоқалар ташкилоти раҳбари Куршат Зорлунинг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи доирасидаги учрашувлар нафақат расмий мулоқотлар, балки ёш авлодни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар билан ҳам аҳамият касб этди.
Жумладан, Куршат Зорлу Тошкент шаҳрида таҳсил олаётган, Ўзбекистон ва Туркияда ўз истеъдоди билан танилган “Music Bolalar” гуруҳи аъзолари билан улар таҳсил олаётган муассасада учрашди.
Самимий ва илиқ руҳда кечган мулоқот давомида туркиялик юқори мартабали мулозим ёш санъаткорларнинг таълим олиш жараёни, ижодий фаолияти ҳамда келгуси режалари билан қизиқди. Уларнинг соҳадаги изланишлари, эришган ютуқларини юқори баҳолади.
Қайд этиш жоиз, Куршат Зорлу “Music Bolalar” гуруҳи фаолиятини кўп йилдан буён қўллаб-қувватлаб келмоқда. Унинг бевосита кўмагида ёш ижодкорларимиз Туркияда ҳам иқтидорини намоён этиб, халқаро маданий лойиҳаларда иштирок этяпти, янги ижодий имкониятларга эга бўляпти. Шу боис мазкур учрашув гуруҳ аъзолари учун эсда қоларли бўлди.
Мутахассислар фикрича, мазкур ташриф Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги қардошлик ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий саъй-ҳаракатнинг ёрқин ифодасидир.
Учрашув якунида “Music Bolalar” гуруҳи аъзолари Куршат Зорлуга доимий эътибор ва ёш истеъдодларга нисбатан юксак ишончи учун самимий миннатдорлик изҳор этдилар.
Томонлар бундай мулоқотлар инсоний қадриятлар, қардошлик риштаси, давлатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашини яна бир бор тасдиқладилар.
Нодира Кайимова, ЎзА