Тожикистон билан таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент шаҳар ҳокимлигида Тожикистон Республикаси Душанбе шаҳри Таълим бош бошқармаси бошлиғи Исмоилзода Бахром Мансур бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Душанбе делегациясини Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова, Тошкент шаҳар Олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи Бунёд Ражабов ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ирода Юлдашева қабул қилди.


Учрашув давомида томонлар ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик, илғор тажрибалар алмашинуви ва замонавий лойиҳаларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.


Делегация аъзолари Тошкентда амалга оширилаётган таълим соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, янги мактаб ва болалар боғчалари қурилиши, президент ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолияти, таълим тизимида рақамлаштириш жараёнлари ҳамда педагогларнинг малакасини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Учрашувда қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ёш авлоднинг замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлиши учун муҳим аҳамият касб этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА