Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
“Навоий” чегара божхона пости орқали пиёда кириб келган фуқаро “Body scanner” орқали текширилганда, оёқ қисмига яширилган ҳолда 53 та пакетга ўралган, умумий оғирлиги 190 грамм бўлган заргарлик буюмлари фош этилди.
Яна бир ҳолатда “Ойбек” чегара божхона постида фуқаро “Body scanner” рентген қурилмаси орқали текширилганда, жинсий аъзосига яширилган, декларацияда кўрсатилмаган 180,8 грамм заргарлик буюмларини олиб ўтаётгани аниқланди. Шунингдек, мазкур постда яна бир фуқаронинг қўл юклари кўздан кечирилганда, декларацияда кўрсатилмаган 57,93 грамм заргарлик буюмлари борлиги маълум бўлди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, аниқланган заргарлик буюмларининг умумий қиймати 525 миллион сўмни ташкил этмоқда. Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
***
Тошкент вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан Бўстонлиқ туманида жойлашган “Геолог” оромгоҳида “Адлия спартакиада”си ўтказилди.
Мазкур спорт тадбири Президентимизнинг жорий йил 8 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Тадбир доирасида 10 та спорт тури бўйича 8 та жамоа ва 110 нафар иштирокчи қатнашди. Шунингдек, иштирокчилар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ҳам ўтказилди. Шу билан бирга, Чирчиқ шаҳри, Бўстонлиқ ва Юқори Чирчиқ туманларида тарбияси оғир ёшлар ўртасида 3 та спорт тури, адлия фахрийлари ўртасида эса 2 та спорт тури бўйича алоҳида мусобақалар ташкил этилди.
Тадбирда Адлия вазирлиги вакиллари, соҳа фахрийлари, вилоят спорт бошқармаси ҳакамлар ҳайъати, шунингдек “Шахмат”, “Стол тенниси” ва “Камондан ўқ отиш” федерациялари ҳамда “Заковат” нодавлат нотижорат ташкилоти клуби вакиллари иштирок этди. Ғолиб ва совриндорлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.


***
Бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Шу боис ҳар бир қарич ердан унумли ва ўз вақтида фойдаланиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда Янгийўл тумани ҳокими Одилжон Атауллаев ва соҳага масъул тизим раҳбарлари дала майдонларида бўлиб, картошка экиш ишларининг боришини ўрганди. Бободеҳқонлар билан ўзаро суҳбатда ердан самарали фойдаланиш, ҳар бир имкониятни ишга солиш, экинларни ўз вақтида ва сифатли экиш муҳимлиги таъкидланди.


Шунингдек, бугунги меҳнат нафақат эл дастурхони тўкинлиги, балки аҳоли даромадини оширишда ҳам муҳим омил экани алоҳида қайд этилди. Маълумки, картошка асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан бири бўлиб, уни етиштиришга бўлган эътиборни янада кучайтириш бугунги кун талаби ҳисобланади.
А.Мусаев, ЎзА.