Тошкент шаҳри шахматчилари ғолиб
Андижон шаҳридаги универсал спорт мажмуасида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган шахмат бўйича Ўзбекистон чемпионати якунига етди.
Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда спортни, хусусан, шахматни ривожлантириш, оммавийлигини ошириш, айниқса, ёш, иқтидорли шахматчиларнинг ўз салоҳиятларини намойиш этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги таъкидлади.

Бир ҳафта давом этган чемпионатда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда республикамизнинг барча вилоятлари жамоалари таркибида 840 нафар ёш шахматчи 6 та ёш тоифасида ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Мусобақаларининг якуний натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида Тошкент шаҳри жамоаси фахрли биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Қашқадарё вилояти, учинчи ўрин эса Самарқанд вилояти жамоаларига насиб этди.

– Чемпионат қизиқарли ва юқори савияда ташкил этилди, – дейди Андижон вилояти шахмат федерацияси ижрочи директори Мавжудахон Каримова. – Айниқса, чемпионат давомида уюштирилган қизиқарли маданий-маърифий тадбирлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.

Қолаверса, чемпионат мамлакатимизда ўқувчи ёшлар ўртасида шахматни янада ривожлантириш, тарғиб этиш, оммавийлигини ошириш, иқтидорли шахматчиларни аниқлаш ва рағбатлантиришга хизмат қилди.

Чемпионатнинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом, тегишли медаль ҳамда таълим саёҳати ваучерлари билан тақдирланди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.