Илм-фан ва инновациялар уйғунлиги — юқори ҳосилдорлик омили
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ўтган ҳафта сўнггида Сирдарё вилоятида бўлиб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги, жорий этилган замонавий агротехнологиялар ва илмий ёндашувлар натижалари билан яқиндан танишди. Бир қатор туманлардаги дала майдонлари, қўшма корхоналар ва инновацион агролойиҳалар ўрганилди.
Дастлаб вазир Сирдарё туманидаги “Пенг Шенг” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасига қарашли 63 гектарлик майдонда олиб борилаётган агротехник жараёнларни кўздан кечирди. Бу ерда Шинжон тажрибаси асосида томчилатиб суғориш тизими жорий этилган бўлиб, сув ва минерал ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳисобига юқори самарадорликка эришилмоқда. Мутасаддиларга агротехнологияларни такомиллаштириш ва мавсум давомида тизимли мониторинг олиб бориш бўйича тавсиялар берилди.

Шунингдек, дала четларида иҳота дарахтзорлари барпо этиш, агроэкологик барқарорликни таъминлаш ва ер унумдорлигини сақлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Сайхунобод туманидаги “Lianghe International Agro Tech” компанияси фаолияти ҳам ўрганилди. 60 гектарлик майдонда замонавий агротехник ёндашувлар асосида етиштирилаётган пахта ниҳоллари соғлом ривожланиб, 5 тагача бўғин шакллангани кузатилди. Бу ҳолат “Шинжон” технологиясининг амалдаги самарадорлигини яққол намоён этмоқда.

Маълумотларга кўра, Сайхунобод туманида 3 минг гектар майдонда ҳам ушбу технология асосида пахта етиштирилмоқда. Бу эса ҳудудда интенсив ва инновацион аграр ёндашувлар кенг жорий этилаётганини кўрсатади.

Вазир “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 50 гектарлик дала майдонида пахта қатор ораларига зира экилган тажриба билан ҳам танишди. Мазкур ёндашув ер ресурсларидан самарали фойдаланиш билан бирга қўшимча даромад манбаи яратиш имконини бериши таъкидланди. Экинларнинг яхши униб чиққани агробиологик уйғунлик тўғри танланганини тасдиқламоқда.
Ховос туманида давлат раҳбарининг 132-сон қарори асосида ташкил этилган “Sirdaryo agroinvest” АЖ томонидан қайта фойдаланишга киритилаётган 13 минг гектарлик ер майдонларидаги ишлар ҳам ўрганилди. Илгари фойдаланилмай келинган бу ҳудудларда бугун замонавий томчилатиб суғориш тизими асосида, плёнка остига қўшқатор усулда пахта етиштирилмоқда.

Тизимли ёндашувлар натижасида ерлар қайта ўзлаштирилиб, сув таъминоти чекланган ҳудудларда ҳам барқарор ҳосилдорликка эришиш имкони яратилмоқда. Вазир экинларнинг ривожланишини доимий назорат қилиш, агротехник тадбирларни қатъий меъёр асосида олиб бориш бўйича топшириқлар берди.
Оқолтин туманидаги “Бобур қишлоқ хўжалиги” МЧЖ дала майдонида ҳам илғор агротехнологиялар синови ўрганилди. 22 гектар майдонда “Шинжон технологияси” асосида пахта етиштирилиб, турли агротехник усуллар қиёсий таҳлил қилинмоқда.
Хусусан, “стом” препарати қўлланган майдонларда бегона ўтлар кескин камайгани, препарат қўлланилмаган қисмларда эса уларнинг фаол ўсиши кузатилгани маълум бўлди. Шу билан бирга, плёнка қалинлиги бўйича белгиланган меъёрларга тўлиқ риоя этилмаган ҳолат танқидий баҳоланди.
Вазир барча агротехник жараёнларда стандарт ва илмий асосланган талабларга қатъий амал қилиш, замонавий технологияларни тўлиқ жорий этиш ҳамда камчиликларни зудлик билан бартараф этиш зарурлигини таъкидлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири