Тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли Самарқандда туташди
Самарқандда юртимизда илк бор ўтказилаётган “I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” халқаро форуми “Имом Бухорийнинг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” асари –Уммат китоби” мавзусидаги халқаро конференция билан ўз ишини давом эттирди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳамда Ислом олами таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ICESCO ҳамкорлигида ташкил этилган нуфузли анжуманда 50 га яқин мамлакатдан давлат ва жамоат арбоблари, вазирлар, муфтийлар, етук уламолар, академиклар, тадқиқотчилар, музей ва кутубхона раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашмоқда.
Анжуманнинг очилиш маросими Қуръон тиловати билан бошланди. Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти бошлиғи Музаффар Комилов, Макка шаҳридаги “Масжид ал-Ҳаром” масжиди Бош имоми Шайх Солиҳ бин Абдуллоҳ бин Ҳумайд, ICESCO Бош директори Салим ал-Малик, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқжон Тошбоев, Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Оллошукур Пошшозода ва бошқалар сўзга чиқиб, уч кундан буён давом этаётган нуфузли форумнинг бугун Имом Бухорий мангу ором топган масканда ўтказилаётгани тарихий аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар. Буюк муҳаддиснинг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” асари бутун Ислом оламининг энг мўътабар тарихий манбаларидан бири сифатида неча асрлардан буён барча мўмин-мусулмонларни тўғри йўлга бошлаб келаётгани қайд этилди.
[gallery-30326]
– Буюк муҳаддиснинг юксак илм ва маънавият йўли билан тўла ҳаётини, асарларини ўрганиш бугунги ва келгуси авлодлар таълим-тарбияси учун ғоят муҳим, – деди Макка шаҳридаги “Масжид ал-Ҳаром” масжиди Бош имоми Шайх Солиҳ бин Абдуллоҳ бин Ҳумайд. – Унинг илмий мероси бир неча асрдан буён мусулмон умматини тўғри йўлга бошлаш билан бирга ҳайратга солиб келмоқда. Чунки бу зот биринчи бўлиб пайғамбаримизнинг энг ишончли ҳадисларини йиғиб, саҳиҳ китоб яратди. 10 ёшидаёқ Қуръон ва ҳадисларни ёд олиб, илм йўлида ҳар қандай синов ва машаққатларни енгиб ўтди. Ҳадис илмини ўрганишда чуқур тадқиқ қилиш ва таққослаш услубини яратиб, ҳадисларни нотўғри айтувчи ва бузиб талқин қилувчиларга муносиб жавоб бера олди. Буюк муҳаддиснинг муваффақияти асло тасодиф эмас, бу аввало Аллоҳнинг назари, тинимсиз ўқиб-изланиш, машаққатли меҳнат ва сўнмас ирода маҳсулидир. Шунинг учун Имом Бухорийни ўқиб-ўрганиш, у зотдан ибрат олиш таълим-тарбия гўёки қудратли тўфонга дуч келган ҳозирги замонда ёш авлодни юксак инсоний ғоялар, маърифат руҳи билан тарбиялашнинг асосий омилидир.
Анжуманда Имом Бухорийнинг ислом цивилизацияси ва жаҳон тамаддуни тараққиётидаги ўрни, “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарининг ислом уммати учун илмий-маънавий аҳамияти, ҳадисларни текшириш ва таҳлил қилиш анъаналари, ҳадис меросини замонавий тадқиқ этиш, қўлёзмаларни сақлаш ва рақамлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Тарихда чуқур из қолдирган, ишонч қозонган буюк сиймолар ўз борлиқлари билан замонларни забт этадилар, – деди ICESCO Бош директори Салим ал-Малик. – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ҳазратлари ҳам ана шундай улуғ сиймолар қаторида буюклик даражасида эътироф этилган, чексиз ишончга сазовор бўлган собитқадам инсон бўлган. Шу боис ҳам бу зот ҳадис мулкининг амири, иродаси кучли инсон, тинимсиз меҳнат ва илм олишни ҳаёти мазмуни деб билган шахс сифатида эътироф этилган, замон гувоҳлиги билан биринчилик мақомига лойиқ кўрилган. Ҳеч ким у киши билан рақобат қила олмаган. Унинг китоби Аллоҳ китобидан кейин энг саҳиҳ китоб деб тан олинган. Мана шу ҳақиқий шараф. Имом Бухорийнинг бундай шарафга эришиш осон кечмаганини яхши биламиз. Ахир қайси инсон фақат бир китоб яратиш учун 16 йил давом этган машаққатли сафар йўлини босиб ўтган?! Қайси инсон 600 минг ҳадисни тўплаб, саралаган, турли мавзулардаги минглаб саҳифаларни ёзган, юзлаб олимлар билан учрашган?! Қайси инсон макон ва чегараларини ўйламай, ўнга яқин юртни кезиб, илм йўлида изланган?! Шунинг учун ҳам Имом Бухорийнинг мероси барчамиз учун энг қимматли манбадир.
Конференция иши бешта илмий шуъба асосида ташкил этилди. Уларда Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига таъсир кўрсатган муҳит, “Саҳиҳ ал-Бухорий” асаридаги илмий мезонлар ва ҳадисларни таснифлаш усуллари, “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”нинг жаҳон кутубхоналарида сақланаётган нодир қўлёзмалари, турли мамлакатлар олимларининг мазкур асарни ўрганиш ва тарғиб этишдаги ҳиссаси, шунингдек, асар билан боғлиқ илмий масалалар ва замонавий тадқиқот ёндашувлари муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, форум дастурига мувофиқ Самарқандда “Имом Мотуридий мероси – ислом цивилизациясининг мўътадиллик ва ақл-идрок пойдевори” ҳамда “Ислом цивилизацияси ва замонавий дунё: мерос, мулоқот ва тараққиёт” мавзуларида ҳам конференциялар ташкил этилди.
Айни пайтда анжуманлар, шуъба мажлислари давом этмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари