Театрнинг 50 йиллиги нишонланди
Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида мазкур театрнинг ташкил этилганининг 50 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этиб, театр жамоаси ва томошабинларни юбилей билан табриклади ҳамда мазкур театрнинг жамият маънавий ҳаётида тутган ўрни, ижодкорларнинг томошабинлар қалбига таъсир кўрсатишдаги масъулияти ва саҳна санъатининг тарбиявий аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Юбилей муносабати билан бир қатор устоз санъаткорлар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.


Юбилейда Ўзбек миллий академик драма театри актёрлари, Театр арбоблари уюшмаси вакиллари ва таниқли ижодкорлар иштирок этиб, Сирдарё театрининг кўп йиллик фаолияти ҳақида илиқ фикрлар билдиришди. Шунингдек, театр тарихида муҳим ўрин тутган Ўзбекистон халқ артисти Олим Хўжаев номи ёдга олинди ва устоз санъаткорнинг портрети жамоага тақдим этилди.
Тадбир давомида машҳур спектакллардан саҳна кўринишлари, ариялар, рақслар ижро этилди. Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев ижросидаги “Эй сабо” қўшиғи томошабинлар томонидан катта олқишлар билан кутиб олинди.


Юбилей концертида театрнинг симфоник оркестри томонидан “Аршин мол олон” спектаклидан куйлар ижро этилди. Бу асар 1975 йилда Тошкент театр ва рассомлик институти битирувчиларининг Сирдарё театридаги илк диплом спектакли билан боғлиқ бўлгани боис рамзий маънога эга.
Шунингдек, мақом ансамбли ижросидаги мумтоз куй-қўшиқлар ва театр қошидаги Ёшлар театри ҳаваскорларининг чиқишлари ҳам томошабинларда ёрқин таассуротлар қолдирди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири