Тарихий портретлар устаси эди
Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси анжуманлар залида «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби Ўзбекистон халқ рассоми, академик Малик Набиев таваллудининг 105 йиллигига бағишланган «Бадиий таълим тизимида долзарб муаммолар, интеграция ва истиқбол тенденциялари» номли халқаро конференция бўлиб ўтди.
Конференцияда юртимиз санъатшунос мутахассислари билан бирга 10 га яқин давлатдан олимлар ўз маърузалари билан иштирок этди.
Бадиий академия ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ташаббуси билан ўтказилган мазкур халқаро анжуманда Малик Набиевнинг ўзбек санъатига қўшган улкан ҳиссаси эътироф этилди.

Рассом мўйқаламига мансуб Амир Темур портретларидан бири буюк саркарда ва давлат арбоби образи намунаси деб тан олинган. Ушбу муваффақият рассомга илҳом бағишлаб, Амир Темур ва у яшаган даврга оид тарихий ҳужжат ва китоблар, архив материалларини синчковлик билан ўрганишга ундаган.
Санъатшуносларнинг фикрича, халқ озодлиги курашчиси Спитамен ҳамда буюк олим ва мутафаккир Абу Райҳон Беруний портретлари ҳам рассомнинг энг яхши асарлари қаторидан ўрин олган.
Мутахассисларнинг қайд этишича, устоз мусаввир бошқа рассомларнинг буюк асарлари сақланадиган меъморий обидалар, музей ва кўргазма залларини ўз кўзи билан кўриш учун Европа, Осиё, Америка минтақаларининг 40 дан ортиқ мамлакатида сафарда бўлган. Жаҳон санъатининг турли йўналишларини пухта ўзлаштирганига қарамай, рассом реализм анъаналарига содиқ қолган эди.
Буюк аждодларимиз ва замондошларимизнинг мукаммал образларини ярата олган Малик Набиев «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган эди. Моҳир мўйқалам соҳибининг ижодга садоқат билан муносабати ёшлар учун катта маҳорат мактаби бўла олади.
Н.Усмонова, ЎзА