Танлов ғолиблар аниқланди
Нукус гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда юксак маънавиятни, мустаҳкам оила қадриятлари ва ибратли ҳаёт тарзини тарғиб этишга қаратилган – “Мен ибратли ҳарбий оила бекасиман” шиори остида “Ибратли ҳарбий оила” кўрик-танловининг биринчи босқичи юқори савияда ташкил этилди.
Мазкур танлов нафақат оддий беллашув, балки ҳарбий оилалар ҳаётидаги меҳр, садоқат, матонат ва фидойиликни улуғловчи маънавий майдон сифатида намоён бўлди. Иштирокчилар ўзларининг нафақат уй бекаси сифатидаги маҳоратини, балки миллий анъаналарга бўлган чуқур ҳурмати, фарзанд тарбиясидаги ибратли ёндашувлари ҳамда оилавий тотувликни акс эттирувчи чиқишлари билан ажралиб турдилар.
Танлов жараёнида ҳар бир оила саҳнага алоҳида тайёргарлик, ўзига хос ёндашув ва юксак масъулият билан чиқди. Уларнинг чиқишларида ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, сабр-тоқат ва садоқат каби эзгу фазилатлар ёрқин ифодасини топди. Бу эса ҳарбий оилаларда шаклланган мустаҳкам маънавий муҳитнинг яққол далили бўлди.
Иштирокчиларнинг чиқишлари тажрибали ҳакамлар ҳайъати томонидан адолатли баҳоланиб, ҳар бир оила фаолияти чуқур таҳлил қилинди. Натижаларга кўра, энг фаол, ташаббускор ва намунали оилалар танлаб олиниб, танловнинг кейинги босқичига йўлланма олдилар.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар тантанали равишда дипломлар ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди. Бу эътироф улар учун нафақат рағбат, балки янада катта масъулият ва янги марралар сари илҳом манбаи бўлиб хизмат қилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА