Таниқли боксчи Исроил Мадримов олимлик даражасига эришди
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш, селекция ва тайёргарлик тизимини такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида спортдаги илмий ишлар бундан кейин фақат долзарб муаммолар ечимига қаратилиб, натижаси тўғридан-тўғри амалиётга жорий қилиниши зарурлиги таъкидланган эди.
Бугунги кунда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида шу мақсадга қаратилган бир қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, олимпия спорт турларида халқаро майдонда юксак натижаларга эришган, ғолиблик шоҳсупаларига кўтарилиб ватанимиз спорт шарафини улуғлаган ўнлаб тажрибали спортчилар, мураббийларнинг илмий изланишлар олиб бориши бўйича зарур шарт-шароитлар яратилди.
Натижада ўтган 2-3 йил оралиғида бокс, дзюдо, таэквондо, оғир атлетика, спорт курашлари, пара спорт йўналишларида халқаро спорт майдонларида катта ютуқларга эришган Тўлқин Қиличев, Абдулла Тангриев, Фарҳод Тўраев, Шуҳрат Келдиёров каби кўплаб спортчи ва мураббийлар олимлик даражасига эришди.

Куни кеча бокс бўйича бир неча бор Ўзбекистон чемпионлигига эришган, қатор халқаро турнирлар ғолиби, ёзги Осиё ўйинлари олтин медали соҳиби, профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича чемпионлик камарини қўлга киритган, жаҳон рингларида ўз сальтоси билан кўпнинг ёдида қолган Исроил Мадримов олимлик даражасига эришди.
Таниқли спортчи “Ҳаваскор ва профессионал боксчиларнинг ўзига хос индивидуал хусусиятлари” мавзусидаги педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори ишини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Илмий кенгаш йиғилишида Исроил Мадримовдек тажрибали атлетларнинг маҳоратли спортчиларни тайёрлаш йўналишида олиб бораётган изланишлари мамлакатимизда спорт таълимига берилаётган алоҳида эътиборнинг маҳсули бўлиши билан бирга, юртимиздан янги чемпионлар авлоди етишиб чиқишига қаратилгани билан аҳамиятли экани қайд этилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА