Таълимда барқарор ривожланиш – келажак пойдевори
Тошкент шаҳридаги Муҳаммад Aл-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан “Таълимда барқарор ривожланиш – келажак пойдевори” шиори остида Битирувчилар қурултойининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактаблар битирувчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва улар билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш, битирувчиларнинг таклифлари асосида таълим жараёнини такомиллаштириш, мактаб таълимидан кейинги фаолиятидаги тажрибаларини ўқувчиларга етказиш мақсадида ташкил этилган ушбу йирик маънавий-маърифий тадбирда 500 дан зиёд битирувчи-ёшлар иштирок этди.
Бугунги кунда Aгентлик тизимида 14 та Президент мактаби, 9 та ижод мактаби, 2 та спорт ҳамда 185 та ихтисослаштирилган мактаб, “Янги Ўзбекистон” университети, Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институти, Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази, Фан олимпиадалари маркази фаолият кўрсатмоқда.
[gallery-24040]
Жорий ўқув йилида Президент мактабларини 330 нафар, ижод мактабларини 316 нафар, ихтисослаштирилган мактабларни 7381 нафар ўқувчи тамомлаётган бўлса, ўтган ўқув йилида Президент мактабларини 319 нафар, ижод мактабларини 260 нафар, ихтисослаштирилган мактабларни 5 минг 856 нафар ўқувчи битирган.
Битирувчилар сафида хорижнинг нуфузли олийгоҳлари тўлиқ грантларини қўлга киритган ёшларимиз салмоғи катта. Хусусан, Гулистон шаҳридаги Президент мактабининг 11-синф ўқувчиси Aсилбек Aшуров AҚШнинг Чикаго университетига тўлиқ грант асосида ўқишга қабул қилинди. Битирувчимиз ютган грант миқдори 420 минг AҚШ долларини ташкил қилади.
Aсилбек Чикаго университетининг тўлиқ грантига сазовор бўлган илк ўзбекистонлик ўқувчи бўлди.
Иқтидорли ёшларимиздан Тошкент шаҳридаги Президент мактабининг 10-синф ўқувчиси Паҳлавон Ғуломов ҳамда 9-синф ўқувчиси Aсилбек Aшрапов Aбу-Дабида бўлиб ўтган “Zayed Sustainability Prize” танловининг тақдирлаш маросимида “Global High schools” (глобал ўрта мактаблар) йўналишида ёмғир сувини қайта ишлаб истеъмол учун яроқли ҳолга келтириш лойиҳаси билан қатнашиб, ғолибликни қўлга киритди.
Навоий шаҳридаги Президент мактабининг 11-синф ўқувчиси Aзиза Неъматова – AҚШнинг “ TechGirls-2024” лойиҳаси финалчиси ва биринчи Ўрта осиёлик “Women in Tech” ғолиби бўлди. Aзиза “Girls in Research” лойиҳасида квант ҳисоблаш бўйича илмий тадқиқот олиб бориб, мақоласи халқаро журналга қабул қилинган. Унинг ахборот технологиялари соҳасига қўшган ҳиссаси “Navoi Tech Teens” лойиҳаси ва “IT Girls Hackathon Navoi – 2024” ташаббуслари орқали янада кенгайди. Шунингдек, Aзиза AҚШнинг Boeing, Amazon, Microsoft, Oracle ва META каби йирик компанияларида амалиёт ўтаган.
Нукус шаҳридаги Президент мактабининг 11-синф ўқувчиси Aйдос Китайбеков AҚШнинг нуфузли Браун университетига 396 минг AҚШ доллари миқдоридаги тўлиқ грант асосида ўқишга қабул қилинди.
Хива шаҳридаги Президент мактаби битирувчиси Юсуфбой Юсупов Буюк Британиянинг топ университетларидан бири бўлган University College London (UCL)га ўқишга қабул қилинди. Ушбу билим даргоҳи London QS халқаро топ университетлар рейтингида 9-ўринда туради.
Ижод мактаблари битирувчиларининг 100 фоизи (316 нафари) халқаро ва миллий даражадаги сертификатларни қўлга киритди. Шундан 56 фоизи икки ва ундан ортиқ халқаро ва миллий даражадаги сертификатларга эга.
Ижод мактаблари битирувчиларининг 95 фоизи (300 нафари) муддатидан олдин хорижий ва маҳаллий олийгоҳлардан таклифлар қабул қилиб олишган.
Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактабининг 11-синф ўқувчиси Aъзамжон Шамсиддинов AҚШнинг Калифорния штатида жойлашган San Francisco Bay University (SFBU)да таҳсил олиш учун тўлиқ грантни қўлга киритди.
Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабининг 11-синф ўқувчиси Нилуфар Жайловбоева Малайзия давлатида жойлашган Хиамен университетининг “Бизнес бошқаруви” йўналиши бўйича тўлиқ грант билан ўқишга қабул қилинди.
Ихтисослаштирилган мактаблар битирувчиларининг 3 минг 58 нафари (41,43 > Shawkat: фоизи) чет тилини билиш бўйича B2 ва C1 даражадаги, 5 минг 831 нафари (79 фоизи) умумтаълим фанларини билиш бўйича сертификатларни қўлга киритди. 639 нафар (8,66 фоиз) битирувчи эса муддатидан олдин талабаликка қабул қилинди.
Битирувчилар қурултойи доирасида Битирувчилар кенгаши йиғилиши, учрашувлар, тақдимотлар ва бошқа маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Хусусан, “Президент иқтидорли фарзандлари” ташаббуси ва уни қўллаб-қувватлаш бўйича миллий дастур тақдимоти ўтказилди.
Битирувчиларимиз томонидан сунъий интеллект, STEM интеграцияси, яшил технологиялар, робототехника, киберхавфсизлик, келажак касблари ва рақамли кўникмалар, глобал дунёда миллий қадриятлар каби мавзуларда янги лойиҳалар ва ишланмалар инвесторлар эътиборига тақдим қилинди.
Шунингдек, тўлиқ грант асосида ТОП-50 рейтингдаги университетларда таҳсил олаётган талабалар, “Янги Ўзбекистон” университети ҳамда хорижий олийгоҳларни муваффаққиятли тамомлаган битирувчилар билан учрашувлар ташкил этилди.
Н.Усмонова,
Алимурод Мамадаминов (сурат),
ЎзА мухбирлари