Таэквондо WT: Қитъа чемпионатидаги медалларимиз сони 5 тага етди
Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида таэквондо WT бўйича ўтаётган қитъа чемпионатининг навбатдаги кунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 2 та бронза медалини қўлга киритди.
Бугун кун давомида кечган шиддатли беллашувларда терма жамоамизнинг уч нафар аъзоси - Омонжон Отажонов (-58 кг), Нажмиддин Қосимҳожиев (-74 кг) ҳамда Жасмина Турдибекова (-73 кг) ғолиблик йўлида кураш олиб борган бўлса, мусобақалар якунида О.Отажонов ва Н.Қосимҳожиев бронза медалларига эга чиқди.

Шу тарзда ортда қолган икки кунлик мусобақалар сарҳисобига кўра, таэквондочиларимизнинг умумий медаллар сони 5 тага етди – 1 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медали.
Эртага қитъа чемпионатининг навбатдаги кунида терма жамоамиз аъзоларидан Назарали Назаров (-63), Ёдгорбек Жўрабоев (-87), Шоҳжаҳон Каримбоев (-87), Лайло Зайниддинова (-53), Севинч Ҳайитова (-67) ва Озода Собиржонова (-67) ватанимиз спорт шарафини ҳимоя қилади.

Т.Рўзиев, ЎзА