Судан: уруш гирдобида кўз очган миллионлаб тақдирлар
Суданда давом этаётган қуролли можаро миллионлаб болалар тақдирига жиддий таҳдид солмоқда. Халқаро ташкилотлар баёнотларида қайд этилишича, ушбу ўлкада ҳар дақиқада уч нафар чақалоқ уруш ва оғир гуманитар инқироз шароитида дунёга келмоқда.
“Save the Children” халқаро хайрия ташкилоти Суданда давом этаётган аянчли гуманитар ҳолат юзасидан дунё ҳамжамиятини жиддий огоҳлантирди. Тузилма маълумотларига кўра, 2023 йилнинг апрель ойида Суданда қуролли тўқнашувлар бошланганидан буён мамлакатда 5,6 миллион чақалоқ дунёга келган. Бу ҳар куни ўртача 5 минг нафар, ҳар дақиқада эса камида уч нафар бола уруш гирдобида кўз очаётганини англатади. Бироқ бу гўдаклар “ҳеч бир бола дуч келмаслиги керак бўлган” ўта хавфли ва аянчли шароитларда туғилмоқда.
Мамлакатда кенг тарқалган зўравонликлар, фуқаролик инфратузилмасига қилинаётган ҳужумлар ва асосий тиббий хизматларнинг издан чиқиши миллионлаб оналар ва янги туғилган чақалоқлар ҳаётини хавф остида қолдирмоқда. Кўплаб аёллар вайрон бўлган шифохоналарда ёки ҳаддан ташқари гавжум вақтинчалик бошпаналарда фарзанд дунёга келтиришга мажбур бўлмоқда.
Бундан ташқари, Судандаги оғир иқтисодий инқироз сабабли миллионлаб одамлар кунига атиги бир маҳал овқат билан кун кечираётгани она ва бола саломатлигини янада заифлаштирмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА