Суд тизимида комплаенс назорати: адолат ва ишончни мустаҳкамлайдиган муҳим қадам
Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, суд тизимида ҳалоллик муҳитини қарор топтириш ва фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг муҳим вазифасига айланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган фармони айнан шу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Олий суд таркибида Комплаенс назорати хизмати ташкил этилиши назарда тутилмоқда. Халқаро тажрибада ўз самарасини кўрсатган мазкур институт суд аппарати ходимлари фаолиятида коррупциявий хавфларни баҳолаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, қонунчилик ва касб этикаси талабларига риоя этилишини таъминлашга хизмат қилади.
Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати суд аппарати ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолаpига тегишли даромад ва мол-мулкни декларация қилиш тизимининг жорий этилаётганидир. Жаҳон амалиётида давлат хизматчилари даромадларининг очиқлиги коррупциянинг олдини олишда энг самарали механизмлардан бири сифатида баҳоланади. Бу орқали манфаатлар тўқнашуви ва ноқонуний бойиш ҳолатларини эрта босқичда аниқлаш имконияти кенгаяди.
Шунингдек, суд тизимига ишга қабул қилиш жараёнларининг очиқ танлов ва меритократия тамойиллари асосида ташкил этилиши ҳам катта аҳамиятга эга. Бу эса кадрларни танлашда билим, малака ва ҳалоллик мезонларининг устуворлигини таъминлаб, соҳада профессионал ва масъулиятли кадрлар корпусини шакллантиришга хизмат қилади.
Фармонда коррупция ва бошқа қонун бузилиши ҳолатлари ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш механизмларининг кучайтирилаётгани ҳам эътиборга молик. Чунки коррупцияга қарши курашиш фақат давлат органларининг эмас, балки бутун жамиятнинг иштироки ва фаол фуқаролик позициясини талаб этади.
Энг муҳими, мазкур янгиликлар суд ҳокимиятининг мустақиллиги, холислиги ва нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Судларга бўлган ишонч қанчалик юқори бўлса, жамиятда қонун устуворлиги ва адолат тамойиллари шунчалик мустаҳкам қарор топади.
Суд тизимида комплаенс назорати институтининг жорий этилиши мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг янги босқичи бўлиб, Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, қонунийлик ва адолатни таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
Фируза Муҳиттидонова,
Миробод тумани Кенгаши депутати,
юридик фанлар доктори, профессор