Жиззахда медиа ҳафталик бошланди
Жиззах вилоятида 8–12 июнь кунлари ўтказилаётган Медиа ҳафталик юртимиз ахборот маконидаги энг йирик амалий-маърифий лойиҳалардан бири сифатида журналистлар, блогерлар, ахборот хизмати ходимлари ва медиа соҳасига қизиқувчи ёшларни бир майдонга жамлади. Замонавий коммуникациялар, сунъий интеллект, фактчекинг ва медиахавфсизлик каби долзарб йўналишларни қамраб олган мазкур лойиҳа соҳа вакилларининг касбий салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Ахборот тезлиги замоннинг бош мезонига айланган бугунги кунда медиа соҳаси вакиллари зиммасига юкланаётган масъулият ҳам тобора ортиб бормоқда. Рақамли технологиялар жадал ривожланаётган, сунъий интеллект имкониятлари кенгайиб, ахборот оқими мислсиз суръатларда кўпайиб бораётган бир шароитда замонавий билим ва кўникмалар ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу маънода Жиззах вилоятида старт олган Медиа ҳафталик нафақат навбатдаги соҳавий тадбир, балки мамлакат медиа маконининг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қаратилган муҳим майдон сифатида эътибор қозонмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар иштирокида амалга оширилаётган мазкур йирик лойиҳа мамлакат бўйлаб босқичма-босқич ташкил этилмоқда. Лойиҳа доирасида республика бўйича қарийб 12,5 минг нафар иштирокчини қамраб олиш режалаштирилган бўлиб, ҳар бир ҳудудда беш кунлик интенсив семинар-тренинглар ва маҳорат дарслари ўтказилмоқда.
[gallery-29877]
Бу ташаббус мамлакатимизда очиқлик ва ошкоралик тамойилларини янада мустаҳкамлаш, давлат органлари ва жамоатчилик ўртасидаги самарали мулоқотни таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида намоён бўлмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январда қабул қилинган “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармонида оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, ахборот соҳасини такомиллаштириш ва медиасаводхонликни юксалтириш муҳим вазифалар сифатида белгилаб берилган.
Айни пайтда Медиа ҳафталик тадбирлари бўлиб ўтаётган Жиззах Ёшлар марказида тайёргарлик ишлари юқори савияда ташкил этилди. Ҳафталикнинг очилиш маросимида иштирокчилар ва меҳмонлар тантанали тарзда кутиб олиниб, медиа соҳасидаги замонавий тенденциялар, долзарб муаммолар ва истиқболли йўналишлар муҳокамасига бағишланган дастурларга старт берилди.
Мазкур лойиҳанинг энг муҳим жиҳати назария ва амалиёт уйғунлигидир. Тингловчилар стратегик коммуникация, сунъий интеллектдан фойдаланиш, фактчекинг, медиахавфсизлик, кризис коммуникацияси, визуал сторителлинг, мобилография, ижтимоий тармоқлар маркетинги, медиа мониторинг ва контент яратиш бўйича амалий машғулотларда иштирок этишмоқда.
Семинарларда журналистлар, ахборот хизмати ходимлари, блогерлар, мобилографлар, СММ мутахассислари ҳамда медиа соҳасига қизиқувчи ёшлар қатнашмоқда. Машғулотлар тажрибали муҳаррирлар, медиа экспертлар ва соҳанинг етакчи мутахассислари томонидан олиб борилмоқда. Иштирокчилар реал кейслар устида ишлаб, ахборот тарқатишда учрайдиган муаммолар таҳлили орқали янги ечимлар ишлаб чиқиш имкониятига эга бўлишмоқда.
Бугун ахборот маконида рақобат билим ва тезкорлик билан ўлчанади. Шу нуқтаи назардан қараганда, Медиа ҳафталик нафақат касбий маҳоратини оширишни истаган мутахассислар учун ўқув майдони, балки янги ғоялар туғиладиган, тажриба алмашиладиган ва келажак медиа лойиҳаларига пойдевор қўйиладиган муҳим мулоқот платформасига айланмоқда.
Жиззахда бошланган бу интеллектуал ҳаракат мамлакат медиа соҳасида янги фикр, янги ёндашув ва янги авлод мутахассисларини шакллантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида аҳамият касб этмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари