Спортчилар муносиб тақдирланди
Нукусда волейбол бўйича қизлар ўртасида «Универсиада – 2020» мусобақаси ва Ўзбекистон супер кубоги ғолиби, шунингдек, жорий йилнинг 6-10 март кунлари Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида футзал бўйича 2008 йилда туғилган ўсмирлар ўртасида «Спорт мактаблари футбол лигаси» Ўзбекистон чемпионати ғолиби бўлган Қорақалпоғистон терма жамоалари ўйинчиларини тақдирлаш маросими бўлди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов икки жамоа аъзоларини қўлга киритган ғалабаси билан қутлади.
Дарҳақиқат, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий Азат Казаков шогирдлари бугунги кунда мамлакатимиздаги энг кучли жамоаларнинг бири ҳисобланади. Ўтган йили волейболчи қизлар «Универсиада –2020» мусобақасида ва Жиззах вилояти жамоаси билан ўтказилган Ўзбекистон супер кубогида учта ўйинда ғалаба қозониб, буни яна бир маротаба исботлади.
[gallery-1603]
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида футзал бўйича 2008 йилда туғилган ўсмирлар ўртасида «Спорт мактаблари футбол лигаси» Ўзбекистон чемпионатида 13 та жамоа иштирок этган бўлса, Қорақалпоғистон терма жамоаси Сурхондарё, Навоий, Қашқадарё, ярим финалда Жиззах, финалда эса Сирдарё вилояти жамоалари устидан ғалаба қозониб, Ўзбекистон чемпиони бўлди. Жамоа рақиблар дарвозасига 14 тўп киритиб, ўзларининг дарвозасига бирорта тўп ўтказмади. Ўйинчилардан Мамит Хўжабоев энг яхши ҳимоячи, Нурбек Сарсенбоев ва Азизбек Еримбетов чемпионат тўпурари бўлди.
– Алоҳида эътибор учун миннатдорлик билдирамиз, – дейди футзал бўйича Қорақалпоғистон терма жамоаси бош мураббийи Исломбек Уснатдинов.
– Жамоамиз ўйинчилари Нукус шаҳри, Қўнғирот, Хўжайли ва Кегайли туманилари болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари тарбияланувчиларидан иборат. Келажакда туманлардан маҳоратли ўйинчиларни жалб қилиб, мусобақаларга тайёргарлик кўрамиз.
Тадбирда икки жамоа ўйинчиларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг «Ташаккурнома»си ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА