Стол теннисчилар Ўзбекистон кубогида сараланди
Тошкент шаҳрида 19 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасида стол тенниси бўйича мамлакат кубоги ўтказилди. Унда 14 та ҳудуддан саралаб олинган ёш спортчилар шахсий, жуфтлик, аралаш жуфтлик ва жамоавий йўналишларда рақобатлашди.
Мусобақанинг шахсий баҳсларида ўғил болалар ўртасида Бухоро вилояти вакили Хуршид Аҳмедов биринчи ўринни эгаллади. Фарғона вилояти спортчиси Шаҳбозбек Ғуломиддинов кумуш, самарқандлик Озод Қаҳҳоров ҳамда тошкентлик Темурбек Нурмонов бронза медалига сазовор бўлди.
Қизлар ўртасида Тошкент вилояти вакили Аделина Ҳасанова чемпионликни қўлга киритди. Андижон вилоятидан Дилнавоз Амонова иккинчи, шунингдек, Фарғона вилояти вакили Шоирахон Қодирова ҳамда андижонлик Тўтиёхон Озоджонова учинчи ўринни эгаллади.
Жуфтлик баҳсларида ўғил болалар ўртасида наманганлик Дилмурод Муҳаммадов ва Зоҳиджон Садриддинов биринчи ўринни банд этди. Қизлар жуфтлигида андижонлик Элеонора Шириева ва Одина Арслонова шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олди. Аралаш жуфтлик баҳсларида андижонлик Амир Шириев ва Сафурахон Абдиманнопова чемпионга айланди.

Жамоавий мусобақаларда қизлар ўртасида Тошкент вилояти жамоаси биринчи, Жиззах вилояти иккинчи ўринни эгаллади. Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳри вакиллари учинчи ўринда қайд этилди.
Ўғил болалар жамоалари ўртасида Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари кубокни қўлга киритди. Хоразм вилояти жамоаси иккинчи, Бухоро вилояти ва Урганч ОПС/ТТМ вакиллари совриндорлар қаторидан жой олди.
Аралаш жамоалар ўртасида Фарғона ОПС/ТТМ жамоаси биринчи ўринни эгаллади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА