Таассуротларга бой саёҳат
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг профессор-ўқитувчилари ва фаол талабалар 1-3 май кунлари “Дўстлик карвони” шиори остида Тошкент шаҳрининг тарихий-маданий жойларда бўлиб, қатор маънавий-маърифий тадбирларда ҳамда иштирок этди.
Дастлаб, меҳмонлар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ташкил этилган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида қатнашди. Унда талаба-ёшлар олий таълим тизимидаги янгиланишлар, замонавий таълим йўналишлари, илмий-тадқиқот имкониятлари билан яқиндан танишиб, ўзаро тажриба алмашди. Ушбу учрашув ёшлар ўртасида илм-фан ва инновацияларга қизиқишни янада оширишга хизмат қилди.

Шундан сўнг, Адиблар хиёбонида қорақалпоқ адабиётида ўчмас из қолдирган қорақалпоқ халқининг атоқли вакиллари Бердақ Ғарғабой ўғли, Тўлепберген Қайипбергенов, Ибрайим Юсуповнинг ҳайкаллари пойига гуллар қўйиб, уларнинг ёрқин хотираси ҳурмат билан ёдга олинди. Шунингдек, шу ерда ушбу инсонларнинг ҳаёт йўли ва ижодий асарларидан тайёрланган “Саҳро булбуллари номини олган ёзувчи ва шоирлар” номли концерт дастури кенг жамоатчиликка тақдим этилди.

Талаба-ёшлар давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, бой тарихий ва маданий меросимизни акс эттирувчи ноёб экспонатлар билан танишди. Марказда олиб борилаётган илмий-маърифий ишлар, Ислом цивилизациясининг жаҳон цивилизациясидаги ўрни ҳақида батафсил маълумотга эга бўлди.

Шу билан бирга, “Ғалаба боғи”да “Миллий армия – бизнинг ғуруримиз” шиори остида бўлиб ўтган тадбирда иштирок этиб, бу ерда ёшлар Ватан ҳимоячиларининг жасорати, мардлиги ва фидойилиги ҳақида кенг тасаввурга эга бўлди.
Ташриф давомида “Амир Темур ойлиги” доирасида “Мақсадлар йўлида бирлашайлик” шиори остида саёҳат ташкил этилди. Унда буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур ҳайкали ёнида ёшлар томонидан тарихий меросимизга ҳурмат кўрсатилди. Унинг бунёдкорлик ва давлат бошқарувидаги хизматлари ҳақида сўз юритилди.

Ушбу ташриф давомида ўтказилган тадбирлар ёшларнинг маънавий дунёқарашини кенгайтириш, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилди. “Дўстлик карвони” ташаббуси эса турли ҳудудлар ёшлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ва истиқболдаги ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири