Шифокорлар тажриба алмашди
Стоматология соҳасидаги замонавий ютуқларни талабаларга етказиш, уларнинг назарий билимларини амалий кўникмалар билан бойитиш ҳамда соҳага оид инновацион ёндашувларни кенг тарғиб этиш мақсадида Андижон давлат тиббиёт институтида “Замонавий стоматологияда инновацион ёндашувлар” мавзусида ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.
Унда Фарғона водийсида стоматология соҳасида иш олиб бораётган амалиётчи-мутахассислар, институт профессор-ўқитувчилари, ёш олимлар, талабалар иштирок этди.

Семинарда тажрибали амалиётчи-мутахассислар Фарғона вилояти Риштон туманидаги хусусий стоматологик клиника бош шифокор-стоматологи Камолиддин Мухторовнинг “Биомиметикада адгезия аҳамияти: адгезивлар оиласи. Тишларни билвосита ва бевосита тиклаш асослари”, Фарғона шаҳридаги “Al Aziz” клиникаси шифокори, юз-жағ жарроҳи Оқилжон Исақовнинг “Рақамли имплантация имкониятлари: афзаллик ва камчиликлар. Классик ва рақамли имплантацияда учрайдиган хатоликларнинг олдини олиш масаласи” мавзуларидаги маърузалари тингланди.

Маърузалар орқали иштирокчилар рақамли технологияларнинг ташхис қўйиш ва даволашдаги муҳим жиҳатлари, имплантация жараёнидаги замонавий ёндашувлар ва эҳтимолий хатоликларни бартараф этиш сингари қатор масалалар юзасидан кенг тушунча ва маълумотлар олди.

Шунингдек, Андижон шаҳридаги “Roxat Dent” клиникаси шифокори Жавоҳир Абдуллаев тишларни қопламалар учун чархлаш алгоритми, вертикал ва горизонтал чархлаш усуллари, қолип олувчи материаллар ва қолип олиш техникасидан фойдаланиш борасидаги тажрибалари билан ўртоқлашди.
Ушбу семинар стоматолог шифокорлар, талабаларга тажриба алмашиш, замонавий стоматологиянинг долзарб йўналишлари бўйича илғор иш услубларини ўрганиш, билим ва малакаларини бойитишга ёрдам берди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.