Ёшлар гиёҳвандликка қарши курашда бирлашмоқда
Тошкент ҳарбий округига қарашли Мирзаобод туманида жойлашган сафарбарлик чақирув резерви баталёнида “Жасорат мактаби” ҳарбий-ватанпарварлик ўқув йиғини иштирокчилари билан “Биз наркотикларга қарши курашаётган кучли авлодмиз” шиори остида тарғибот учрашуви бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят Кенгаши, вилоят ёшлар ишлари бошқармаси, Миллий гвардия Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси, Ички ишлар бошқармаси ҳамда “Антинарко” фронт офиси координаторлари ҳамкорлигида ташкил этилди.

Учрашув давомида ёшлар ўртасида гиёҳвандлик воситаларининг зарарли оқибатлари, уларнинг инсон саломатлиги, оилавий муҳит ва жамият тараққиётига кўрсатадиган салбий таъсири ҳақида батафсил тушунтириш ишлари олиб борилди. Шунингдек, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, зарарли иллатларга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир давомида мутахассислар гиёҳвандликнинг олдини олишда оила, таълим муассасалари ва жамоатчиликнинг ўрни муҳим эканини таъкидладилар. Ёшларга бу борада шахсий масъулият, қатъий позиция ва фаол ҳаётий қараш зарурлиги юзасидан тавсиялар берилди.

– Биламизки, гиёҳвандлик воситалари нафақат инсон саломатлигига, балки унинг онги ва дунёқарашига ҳам салбий таъсир кўрсатувчи ўта хавфли иллатдир. Шу боис юртимизда гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмаси ҳамда тарқалишининг олдини олиш мақсадида куч ишлатар тузилмалар томонидан тизимли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бугун ҳарбий қисмда “Жасорат мактаби” иштирокчилари билан ўтказилган ушбу тарғибот учрашуви ёшлар онги ва дунёқарашини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Келгусида ҳам бундай тадбирларни нафақат ушбу йиғин иштирокчилари билан, балки умумтаълим мактаблари, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида ҳам тизимли равишда йўлга қўйишни мақсад қилганмиз, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Азизбек Раҳмонов.

Тадбир иштирокчилари ҳам соғлом ҳаёт тарзини танлаш, юрт тинчлиги ва равнақи йўлида фидойи бўлиш, зарарли иллатларга қарши муросасиз кураш олиб бориш бўйича ўз фикр ва ташаббусларини билдирдилар. Улар бундай учрашувлар ёшлар онгини мустаҳкамлаш ва тўғри йўлни танлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.

Мазкур тарғибот тадбири ёшларни соғлом, фаол ва масъулиятли авлод сифатида тарбиялаш, уларни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишда муҳим амалий аҳамият касб этди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири