Серқирра олим, бедор сатрлар соҳибидан янги китоб
Одам қачон эсини танийди? Ўзлигини таниганида, ён-атрофга теран назар солиб, борлиқ ҳақида мустақил мушоҳада юрита олганида. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида таниқли олим, сиёсий фанлар доктори, профессор Қодир Жўраевнинг “Эсимни таниган кун” номли тўплами тақдимотида иштирок этган китобхон хаёлидан айни фикрлар ўтиши табиий.
Мазкур китоб “Янги саҳифа” нашриётида босмадан чиққан бўлиб, унинг тақдимотига ёзувчи ва шоирлар, олимлар, устоз ва мураббийлар, адабиёт мухлислари, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Атоқли олим, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг биринчи ректори, ҳозирда мазкур олийгоҳ ректори маслаҳатчиси Саидмухтор Саидқосимов, таниқли филолог, нотиқ Раҳимбой Жуманиёзов, сиёсатшунос олим Нарзулла Жўраев, ҳуқушунос олим ва журналист Бобоқул Тошев, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директорининг ўринбосари Насиба Холдорова, Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати раҳбари, шоир ва журналист Фозил Фарҳод ва бошқалар Қодир Жўраевнинг ижодий, илмий-маърифий, жамоатчилик фаолияти, янги китобининг аҳамияти ҳақида батафсил сўзлади.
[gallery-28775]
– Бугунги тадбир шунчаки тақдимот эмас, балки тажриба ва тафаккур, устоз ва шогирд ўртасидаги ўзига хос маънавий кўприк, китобхонлик мулоқотидир, – деди Саидмухтор Саидқосимов. – Бундай тақдимотлар илмий ва маънавий мероснинг давомийлигини таъминлайди. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети эндигина ташкил этилганида, Қодиржон унинг илк талабаларидан бири эди. Ўша даврданоқ унинг илмга чанқоқлиги, интилиши, ўзига бўлган ишончи кучли эди. У кўплаб хорижий тилларни мукаммал билади. Мазкур янги китоб тақдимоти Қодиржоннинг нафақат илмий соҳада, балки бадиий жабҳада ҳам қалами чархланиб бораётганини намойиш этади. Илмда, ижодда танаффус, тўхташ, деган нарсанинг ўзи йўқ! Қодиржоннинг доимо изланиш, интилиш талаб этадиган оғир, лекин шарафли йўлни танлагани эътиборга молик.
– Янги яхши китобнинг яралиши миллат тарихида янги саҳифа очишдек жараён билан баробар, – деди сиёсатшунос олим, устоз журналист Нарзулла Жўраев. – Қодиржон Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетидек маҳобатли мактабни кўрган, мамлакатимиз сиёсатшунослигида ўзи ҳам мактаб яратган серқирра олимдир. У янги дарсликлар, қўлланмалар яратди. Тақдимоти ўтказилаётган ушбу китоб Қодиржоннинг янги қирраларини кашф этди, десам муболаға бўлмайди. Ушбу китобда қалб, руҳ, туйғу устуворлигини кўриш мумкин. Ҳаётнинг ҳар бир деталидан мазмун қидириш Қодиржоннинг фалсафий қарашларидан дарак беради. У ҳозир фанда, ижодда янги-янги муаммоларга ечим топадиган ёшда. Қодиржондан китобхонни ҳайратга соладиган яна янги китоблар кутиб қоламиз.
Мазкур китобдан муаллифнинг қирққа яқин ҳикоялари, таржималари, бадиий-публицистик очерк ва мақолалари ўрин олган.
“Эсимни таниган кун”, “Онамнинг қарғиши”, “Бобомнинг сўнгги насиҳати”, “Энг қудратли туйғу”, “Кўр-соқовлар иши” ҳикояларида муаллиф ҳаётда ўзи дуч келган ёки таъсирланган оғриқли нуқталар ва ҳаяжонли воқеалар ҳақида куюнчаклик билан ёзади.
Олимнинг виждон қўнғироғи жарангдор бонг уриб, мудроқ жамиятни уйғоқликка чорлайди, ҳар қандай адолатсизликларга қарши қатъий курашиш зарурлигини уқтиради. Унинг наздида, устозлик шарафи фақат ёшларга билим ва кўникмалар беришгина эмас, балки болалар қалбини боғбон каби тарбиялаб, инсонийлик масъулиятини камол топширишда эканини таъкидлайди.
Чунончи, “Француз дўстимдан олган сабоқ” ҳикоясида муаллиф талабалик пайтида Парижга ташрифи чоғида француз элининг она-табиатга муҳаббати ва юксак экологик маданиятини кўриб ҳайратланганини ва бир умр ёдида сақлашини қайд этади.
“Ўттиз йиллик азоб-уқубат” ҳикоясида эса қаттол шўролар тузумининг адолатсиз тартиблари сабабли Усмон исмли йигит бошига тушган аянчли қисматни титроқ ила қаламга олади. 1925 йилда Германияда таҳсил олишга юборилган ўсмир йигит, олмон диёрида таълим олаётган барча тараққийпарвар ёшларимиз қатори шошилинч тарзда ортга қайтарилади. Шундан кейин унинг ҳаёти оғир синовлар оcтида кечади.
“1940 йил Москвада менга 8 йиллик меҳнат тузатиш лагерига йўллаш жазосини белгилашди. Жазони Магадан вилоятидаги Дальстрой лагерида ўтаб, 1946 йил лагердан бўшатилдим. Аммо, тўлиқ озод бўлмадим. Ватанимга қайтишимга рухсат беришмади. 1957 йилда Бухорога қайтдим. Бироқ ўтган йиллар давомида таҳқир, ноҳақлик ва азоблар ортида маънан ўлдирилган инсонга айландим”, деб ёзади Москвага ёзган мурожаатномасида Усмон.
Ўттиз йиллик азоб-уқубатдан сўнг у фақат 1958 йилга келибгина оқланади ва шу тариқа 35 йиллик умри кўкка соврилади. Муаллиф адолат синдирилган, инсонга адоқсиз пушаймонлик ва афсуслар келтирадиган, одамлар тақдирини чанг-ғуборга тўлдирадиган, фожиага айлантирадиган тузумнинг бунчалар салбий ролини инсониятга қаратилган чинакам жиноят деб баҳолайди.
Бундан ташқари, “Менинг онам – бўри”, “Видолашгани келган филлар”, “Талабшо бобо ва айиққиз Мария”, “Бир асрлик оғриқ”, “Қалдирғоч ҳақида эссе” каби ҳикоя ва публицистик очеркларда агар оламда ҳақиқий меҳр-муҳаббат ва сабр-тоқат бўлса, инсон билан ҳайвонот ва наботот дунёси ўртасида ҳам тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш мумкинлиги тарғиб қилинади. Бундай эзгу ғоялар Жума Жумаев, Энтони Лоуренс, Талабшо бобо сингари қаҳрамонлар тимсолида қизиқарли очиб берилади.
Қодир Жўраев атоқли француз адиби Ги де Мопассаннинг “Маржон”, рус ёзувчиси Ирина Самаринанинг “Фаришталар мудом ёнингда”, америкалик адиб Элизабет Балларднинг “Тедди ёзган мактублар” ҳикояларини француз, инглиз, рус тилларидан маҳорат билан таржима қилган.
Унинг Франция давлатчилиги борасида ёқлаган докторлик илмий иши, халқаро муносабатлар соҳасида рус ва инглиз тилларидан талабаларга 30 йилдан буён сабоқ бериб келиши, бир неча хорижий тилларни билиши профессионал маҳоратини янада чархлаган. Албатта, бу салоҳият унинг келгусида жаҳон адабиётнинг кўплаб қисса ва романларини ҳам ўзбек тилига таржима қилиш имконияти етарли эканидан далолат беради.
“Ибн Баттутанинг Вобкент ва Бухоро ҳақидаги битиклари”, “Муқаддас битикни ўғирлаган ношудлар” тарихий-публицистик очеркларида ўзи камол топган туман ва вилоятдаги кўҳна қадамжолар тарихини пухта таҳлил қилишга уринади.
Ҳаётнинг ҳар бир ибратли лаҳзасидан ҳайратланиш фазилати ҳақиқий зиёлиларга хос бўлган туйғу – мавжуд муаммоларга нисбатан муросасизлик тамойили билан ўзаро уйғунлашиб кетади. Тўпламнинг бутун мазмун-моҳияти ягона чизиқда – Ватан тақдири учун бефарқ бўлмаслик, ҳар куни орият ва ғурур жанггига отланиш даъватида яққол намоён бўлади.
Ёзилиш тили равонлиги, мантиқий изчиллиги, мавзулар ранг-баранглиги ва ҳаётий сюжетларга бойлиги сабабли китоб бир нафасда ўқилади. Муаллифнинг уйғоқ сатрлари орқали жамиятда сокин юрган, лекин қатъий ижтимоий позициясига эга бўлган, доимий курашувчан инсон образи пайдо бўлади. Китоб кенг омма учун мўлжалланган.
Айтиш керакки, Қодир Жўраев 1972 йили Бухоро вилоятида туғилган. 1995 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ)ни Халқаро муносабатлар ихтисослиги бўйича битирган. Меҳнат фаолиятини 1995 йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссия бош эксперти лавозимида бошлаган. 2001 йилдан то ҳозирга қадар ЖИДУда катта ўқитувчи, доцент, факультет декани, кафедра профессори лавозимларида фаолият юритиб келмоқда. 2009, 2014 ва 2019 йилларда бўлиб ўтган парламент сайловларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган. 300дан ортиқ илмий ва ўқув нашрлар, монографиялар, дарслик ва ўқув қўлланмалар, илмий ва публицистик мақолалар муаллифи.
– Бу китоб бир-икки йилда эмас, йиллар давомидаги ҳаётий таҳлилларим, кузатиш ва қарашларим натижасида юзага келди, – деди китоб муаллифи Қодир Жўраев. – Ўзимга таъсир қилган воқеликлар, саргузаштларни қаламга олдим. Бадиий таржималардан намуналар келтирдим.
Тадбирда янги китоб, асар муаллифининг илмий-маърифий фаолияти ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Назокат Усмонова,
Ойбек Пардаев (суратлар),
ЎзА мухбирлари