Сенатор: коррупцияга қарши курашишдаги ишларни кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда янги босқичга олиб чиқамиз
Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган фикрлар кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раисининг ўринбосари Қобил Турсунов йиғилишда ўртага ташланган масалалар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Давлатимиз раҳбари коррупцияни таг-томири билан қуритиш учун, аввало, инсон омили ва қоғозбозликни камайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини айтиб ўтди.
Жумладан, қурилиш соҳасида “Шаффоф қурилиш” дастурининг жорий этилиши натижасида ижобий ўзгаришлар сезилаётганига эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, илгари инвестиция дастурига кирган объектларни қурадиган пудратчилар мингтага ҳам етмас эди. Ўтган йили 13,5 мингта объект қурилишида 4 мингдан зиёд пудратчи иштирок этди. Соҳа рақамлашгани ҳисобига ўтган 4 йилда 3,6 триллион сўм бюджет маблағи тежалди.
Давлат харидлари бўйича қонун қабул қилиниши, танлов ва тендер рақамлашиб, соғлом рақобат бўлгани учун 2024 йилда 14 триллион сўм бюджет маблағи тежалди.
Авваллари одамлар кредит олиш учун кўплаб тўсиқ ва ғовларни енгиб ўтиши керак эди. Бугунги кунга келиб барча банклар 100 миллион сўмгача маиший кредитларни инсон омилисиз 5 дақиқа ичида онлайн бермоқда.
Айниқса, кўп йиллик муаммога айланган мактабгача таълим тизимидаги коррупциявий ҳолатлар, ота-оналарнинг ортиқча сарсонгарчилигига барҳам берилди. Жумладан, Президентимиз таъкидлаганидек, ўтган даврда мактабгача ва мактаб таълими тизимида 10 дан ортиқ турдаги хизмат тўлиқ электрон шаклга ўтказилди. Ушбу соҳада мурожаатлар сони 2,5 каррага камайди.
Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг кучли сиёсий иродаси ва коррупцияга қарши шафқатсиз кураш олиб боришдаги қўйган талаб ва ташаббуслари асосида амалга ошмоқда, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Миллий кенгаш йиғилишида давлатимиз раҳбари коррупцияга “жамият танасидаги саратон” сифатида қараб, маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, санъат ва маданият ходимлари, тадбиркорлар, таниқли шахслар, раҳбарлар, депутат ва сенаторлар – умуман бутун жамоатчилик бирлашиб курашиши зарурлигини уқтириб ўтди.
Албатта, бу йўлда биз сенаторлар мана шундай муҳим вазифалар ижросига маҳаллий кенгашлар депутатлари, мазкур соҳа бўйича иш олиб бораётган доимий комиссиялар, кенг жамоатчилик билан ҳамкорликдаги ишларимизни янги босқичга олиб чиқамиз.
Н.Абдураимова,
ЎзА