Марказий банк 11 та банкка жарима санкцияларини қўллади
Марказий банк ҳузуридаги Банк назорати қўмитаси томонидан 2026 йил февраль ойида ўтказилган 7 та йиғилиш давомида жами 43 та масала кўриб чиқилиб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Маълум қилинишича, рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида жами 30 та масала муҳокама этилди. Жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартишларни рўйхатдан ўтказиш (3 та), кредит ташкилотлари устав фондидаги улушга эгалик қилиш учун рухсат бериш (1 та), банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини бериш учун аудиторлик малака сертификатини тақдим этиш (6 та), микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш (5 та), тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензияни қайта расмийлаштириш (1 та), шунингдек, тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимлар номзодларини кўриб чиқиш (14 та) билан боғлиқ масалалар кўрилди.
Шу билан бирга, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 13 та масала ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, Марказий банк кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлар талабларининг бажарилиши, тижорат банкларида ўтказилган инспекция натижалари, банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, банк ва тўлов ташкилотларида киберхавфсизлик талабларига риоя этиш ҳамда ташкилотларнинг молиявий хизматларини “тартибга солиш қумдони” доирасида синовдан ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, қонунчилик талабларига мувофиқ фаолиятини ташкил этмагани ҳамда инспекция ва ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар учун 11 та банкка нисбатан жарима санкциялари қўлланилди.
Пруденциал норматив талабларига риоя этилмагани, фаолиятни қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлаштириш чоралари ўз вақтида кўрилмагани ҳамда ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар учун 14 та банк ва 4 та тўлов ташкилотига нисбатан чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантириш берилди.
Бундан ташқари, 8 та банкка нисбатан юзага келиши мумкин бўлган йўқотишларнинг банк молиявий барқарорлигига салбий таъсирини камайтириш, шунингдек, макропруденциал буферларни шакллантиришни таъминлаш мақсадида банк акциядорларига оддий акциялар бўйича дивидендлар тўлаш орқали фойдани тақсимламаслик талаби белгиланди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА