Саудия ОАВ Ўзбекистон ҳақида
Дунё матбуотида Ўзбекистон
Саудия Арабистони ва Яқин Шарқ минтақасидаги етакчи оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳот жараёнига бағишланган туркум мақолалар эълон қилинмоқда.
Жумладан, “AMMONNEWS.net” сайтида “Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси референдумга тайёргарлик масаласини кўриб чиқди” сарлавҳаси остида МСК навбатдаги мажлиси баёнини ёритди.
Муаллиф хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарда 55 та референдум участкаси ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинганига алоҳида эътибор қаратган.
Ушбу веб-сайтда Олий Мажлис Сенати қўмитаси раиси Борий Алихоновнинг “Экологик ҳуқуққа оид нормалар Конституцияда мустаҳкамланмоқда” сарлавҳали мақоласи ҳам араб тилида чоп этилган.
Материалларда бугун Ўзбекистон ҳаётида чуқур ўзгаришлар рўй бераётганига урғу берилган.
– Туб ислоҳотлар жамиятимизнинг тамоман янгича қиёфасини шакллантирмоқда, – дейди муаллиф. – Мамлакатимизда мутлақо янги давр бошланди. Бу мажозий ўхшатиш эмас, айни ҳақиқат.
Эътироф этилганидек, янги таҳрирдаги Конституция тараққий этган давлат – Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятни жипслаштирмоқда. Жараёнда барча қатлам манфаати инобатга олингани, кенг жамоатчилик фаол иштирок этаётгани том маънода халқ Конституцияси вужудга келаётганини англатади. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, нашрда атроф-муҳит инсон саломатлиги ва ҳаётига таъсир қилувчи муҳим омил экани, шу боис жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали юртдошларимиз ва келажак авлод учун қулай, экологик тоза ҳудудни сақлаб қолиш, аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза этиш учун қулай атроф-муҳитни таъминлаш бўйича конституциявий кафолат кучайтирилаётгани таъкидланган.
– Орол бўйида юзага келган глобал экологик муаммо 50 миллионга яқин аҳоли ҳаёт тарзига салбий таъсир кўрсатмоқда, – дейилади ахборотда. – Янги таҳрирдаги Конституцияда минтақа аҳолиси учун муносиб шароит яратилиши, турмуш даражаси сезиларли тарзда яхшиланишини таъминлайдиган норма ҳам киритиляпти. Шунингдек, ишсизликни камайтиришнинг конституциявий кафолати яратилмоқда.
Б.Худойбердиев, ЎзА