Самарқанд шаҳри ҳудуди 11,8 минг гектардан 28,9 минг гектарга кенгаймоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Унда дастлаб “Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманини тугатиш, Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ туманлари ва Самарқанд шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги палата қарори лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Самарқандни “Миллионли шаҳар”га айлантириш, замонавий архитектура ечимларига эга турар-жой ва нотурар биноларни қуриш, аҳолининг уй-жойларга бўлган талабини тўла қондириш, ҳудудларни инфратузилма билан таъминлаш орқали аҳолига муносиб яшаш шароитини яратиш мақсадида Самарқанд тумани алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида тугатилмоқда. Оқдарё туманидан 1 минг 410,6 гектар, Пастдарғом туманидан 1 242,3 гектар, Самарқанд туманидан 13 минг 308 гектар, Тойлоқ туманидан 1 минг 265,6 гектар ер майдони Самарқанд шаҳри таркибига ўтказилмоқда.

Шаҳардан 518 гектар ва Самарқанд туманидан 1 минг 551 гектар ер майдони Пастдарғом тумани, Самарқанд туманининг 28 минг 295 гектар ер майдони эса Тойлоқ тумани таркибига ўтказилмоқда. Бунда шаҳар ва туманлар таркибига ўтказилаётган ерларнинг амалдаги ер фонди тоифалари ўзгартирилмаган.

Ушбу чегаралар ўзгартирилиши ҳисобига Самарқанд шаҳрининг ҳудуди 11,8 минг гектардан 28,9 минг гектарга кенгайиб, янги лойиҳалар учун имкониятлар яратилмоқда. Бу орқали шаҳар аҳолиси 604 минг нафардан 882 минг нафаргача ошади. Шунингдек, янги уй-жой массивларини барпо этиш бўйича “Ширин” шаҳарчаси, “Темир йўл орти” ҳудуди ва “Қорасув-2” массиви ҳудудларида 309 минг аҳоли учун 710 та кўп қаватли уй-жойлар барпо этилади.
Мажлисда чегараларга ўзгаришлар киритиш масаласи тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари, халқ депутатлари Самарқанд шаҳар, Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ ва Самарқанд туманлари Кенгашлари ҳамда вилоят Кенгашида муҳокама қилиниб, чегараларнинг картографик чизмаси ва чегаралар чизиғининг таснифи маъқуллангани қайд этилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА