Реал сектор фаоллиги бизнес муҳитига ижобий таъсир кўрсатди
Мамлакатимизда бизнеснинг жорий ҳолати бўйича индекс сезиларли даражада ошди. Бу тадбиркорларнинг кутилмалари ва амалдаги ҳолат ўртасидаги фарқ камайганидан далолат беради. Реал секторда фаоллик юқори бўлиб, кутилмалар индекси 68 бандни ташкил этди. Бу ҳозирги бизнес ҳолати баҳосидан, яъни 53 банддан анча юқоридир.
Шу муносабат билан, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистондаги бизнес муҳити бўйича апрель ойи учун навбатдаги таҳлил натижаларини тақдим этди.
Ушбу маълумотлар республика бўйлаб тадбиркорлар ўртасида ҳар ой ўтказиладиган сўровлар асосида тайёрланган бўлиб, унда бизнеснинг ҳозирги ҳолати ва яқин уч ой учун кутилмалар акс этган.

Апрель якунларига кўра, бизнес муҳити умумий индекси 60 бандни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг апрель ойига нисбатан 3 бандга, жорий йил март ойига нисбатан эса 4 бандга юқоридир. Индекс 50 банддан юқори бўлгани бизнес муҳитида ижобий кайфият сақланаётганини кўрсатади.
Умумий индекснинг ўсиши асосан тадбиркорларнинг ҳозирги бизнес ҳолатига берган баҳолари яхшилангани билан боғлиқ. Жорий ҳолат индекси 53 бандни ташкил этиб, ўтган йил апрель ойига нисбатан 12 бандга ошди. Шу билан бирга, яқин уч ой учун бизнес кутилмалари индекси 6 бандга пасайиб, 68 бандни ташкил этди. Шунга қарамай, бу кўрсаткич ҳали ҳам юқори оптимизм даражасини англатади.
Сўров натижалари бизнес фаоллигида ижобий ўзгаришлар давом этаётганини кўрсатмоқда. Сўнгги уч ойда ўз бизнеси ҳолатини “яхши” деб баҳолаган тадбиркорлар улуши 37 фоизни ташкил этди. Март ойида бу кўрсаткич 36 фоиз эди. Товар ва хизматларга талаб ошганини билдирганлар улуши эса бир ой аввалги 36 фоиздан 40 фоизга кўтарилди.
Бандлик соҳасида ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. Сўнгги уч ойда ходимлар сонини оширган корхоналар улуши 23 фоизни ташкил этди. Март ойида бу кўрсаткич 21 фоиз эди. Яқин чоракда ходимлар сонини яна кўпайтиришни 58 фоиз корхона режалаштирмоқда.
Тармоқлар кесимида бизнес муҳити ўтган йилга нисбатан иқтисодиётнинг барча асосий соҳаларида яхшиланган.
Саноат соҳасида бизнес муҳити индекси йиллик ҳисобда 5 бандга ошиб, 65 бандни ташкил этди. Сўнгги уч ойда маҳсулотларга талаб ошганини саноат корхоналарининг 31 фоизи билдирган. Ходимлар сонини оширган корхоналар улуши 19 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу давридаги даражага мос келди. Саноатда нархлар бўйича кутилмалар эса ўтган йилнинг апрелига нисбатан 7 фоиз бандга камайиб, 20 фоизни ташкил этди.
Қурилиш соҳасида бизнес муҳити индекси ўтган йилга нисбатан 17 бандга ошиб, 68 бандга етди. Сўнгги уч ойда бизнес ҳолати яхшиланганини тадбиркорларнинг 43 фоизи қайд этган (бир йил аввал бу кўрсаткич 34 фоиз эди).
Хизматларга талаб ошганини респондентларнинг 48 фоизи билдирган бўлса, ходимлар сонини кўпайтирган корхоналар улуши 37 фоизни ташкил этди.
Қишлоқ хўжалигида индекс ўтган йилнинг апрелига нисбатан 2 бандга ошиб, 63 бандни ташкил этди. Сўнгги уч ойда бизнес ҳолати яхшиланганини аграр сектордаги тадбиркорларнинг 47 фоизи билдирган. Маҳсулотларига талаб ошганини вакилларнинг 40 фоизи қайд этган бўлса, респондентларнинг 44 фоизи ҳозирги иш ҳолатини “яхши” деб баҳолаган.
Хизматлар соҳасида бизнес муҳити индекси 56 бандни ташкил этди. Сектордаги тадбиркорларнинг 45 фоизи ҳозирги бизнес ҳолатини “яхши” деб баҳолаган. Сўнгги уч ойда бизнеси яхшиланганини соҳа вакилларининг 35 фоизи билдирган.
Сўров натижалари тадбиркорлик фаолиятида тўсиқларга дуч келаётганлар сони камайганини кўрсатмоқда. Ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини билдирган респондентлар улуши март ойидаги 52 фоиздан 60 фоизга ошди. Энг кам муаммо қишлоқ хўжалиги (65 фоиз) ва хизматлар соҳасида (61 фоиз) қайд этилди.
Шу билан бирга, кредит олиш, электр таъминоти, транспорт ва логистика билан боғлиқ қийинчиликлар камайди. Бироқ қишлоқ хўжалигида сув таъминоти муаммоларини қайд этганлар улуши 15 фоизга етган бўлса, саноат ва қурилиш соҳаларида солиқ маъмурчилиги билан боғлиқ тўсиқлар мос равишда 13 фоиз ва 17 фоизни ташкил этди.
Молиявий тўсиқлар аҳамияти эса айрим соҳаларда пасайган: саноатда кредит олишдаги қийинчиликлар 9 фоизни, хизматлар соҳасида солиқ маъмурчилиги 13 фоизни ташкил этди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА