РАСМИЙ МУНОСАБАТ: Алишер Навоий номидаги давлат Адабиёт музейи янги бинода иш бошлайди
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Фанлар академияси тизимидаги Алишер Навоий номидаги давлат Адабиёт музейида олиб борилаётган ишлар юзасидан турли хабарлар ва муҳокамалар тарқалди. Айрим ахборотлар тўлиқ бўлмаган ёки нотўғри талқин қилингани жамоатчилик ўртасида турли саволлар ва хавотирларни келтириб чиқармоқда.
Фанлар академияси мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, музей фаолияти тўхтатилаётгани ёки маданий мерос объектларига хавф туғилгани ҳақидаги тахминлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
Таъкидланишича, амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг асосий мақсади музей фондида сақланаётган ноёб қўлёзмалар, архив ҳужжатлари ва бошқа қимматли экспонатларни янада хавфсиз шароитда сақлаш, уларни рақамлаштириш ҳамда келажак авлодларга тўлиқ ва беқиёс ҳолда етказишдан иборат. Барча ишлар амалдаги қонунчилик ва белгиланган меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида ташкил этилмоқда.
Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 майдаги 234-Ф-сонли фармойишига мувофиқ, Алишер Навоий номидаги давлат Адабиёт музейи учун Янги Тошкент шаҳрида замонавий янги бино барпо этилмоқда. Янги иншоот фойдаланишга топширилгунга қадар музейнинг энг қимматли фонди вақтинча махсус сақлаш жойларига кўчирилмоқда.
Жумладан, музей фондидаги ноёб қўлёзмалар, тошбосма манбалар ҳамда «Ўзбекистон ёзувчилари ва шоирлари архиви» фонди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига вақтинча сақлаш учун ўтказилмоқда. Музейнинг бошқа экспонатлари эса Ўзбекистон Фанлар академиясининг Антропология институтига жойлаштирилмоқда.
Ушбу чоралар музей бойликларининг бутлиги, хавфсизлиги ва сақланишини таъминлашга хизмат қилади. Янги музей биноси фойдаланишга топширилгач, барча музей фондлари ва экспонатлари яна Алишер Навоий номидаги давлат Адабиёт музейининг янги масканига тўлиқ кўчирилади.
Фанлар академияси маълумотига кўра, бугунги кунга қадар қатор амалий ишлар бажарилган. Хусусан, 2026 йил 9 июнь куни белгиланган тартиб асосида музейнинг масъул ходимлари томонидан 847 та ноёб қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг махсус сақлаш хоналарига кўчирилган. Айни пайтда ушбу қўлёзмаларни вақтинча сақлаш ва муҳофаза қилиш билан боғлиқ зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари давом этмоқда.
Ҳозирги вақтда музей томошабинлар ва тадқиқотчилар учун вақтинча ёпилган бўлса-да, муассаса ходимлари ўз хизмат вазифаларини белгиланган тартибда давом эттирмоқда. Шу кунга қадар 1 491 та тошбосма манба, 439 та папкадаги фото-нусха, 145 та папкадаги плёнка ва негативлар, шунингдек, 1 миллион 416 минг 512 та ҳужжатни ўз ичига олган «Ўзбекистон ёзувчилари ва шоирлари архиви» фонди бирламчи хатловдан ўтказилган. Музей экспонатларини хатловдан ўтказиш ишлари изчил давом этмоқда.
Расмий муносабатда қайд этилишича, ушбу ишлар музей фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда маданий мерос объектларини замонавий талаблар асосида ишончли муҳофаза қилишга қаратилган. Барча жараёнлар соҳа мутахассислари иштирокида ва қонунчилик талабларига қатъий риоя этилган ҳолда амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан Фанлар академияси жамоатчиликни ижтимоий тармоқларда тарқалаётган тасдиқланмаган маълумотларга эмас, балки расмий манбалар орқали эълон қилинаётган ахборотларга таянишга чақирди.
М.Эшмирзаева, ЎзА