Бадиий академия делегацияси Қозондаги халқаро тадбирда иштирок этди
Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида “Қозон – Тошкент – Шинжон: ХХ аср санъатида татар-ўзбек алоқалари” мавзудаги халқаро тадбир бўлиб ўтди. IХ Ёзги китоб фестивали доирасида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Нигора Аҳмедова бошчилигидаги делегация аъзолари иштирок этди.
Н.Аҳмедова “Қозон – Тошкент – Шинжон: ХХ аср санъатида татар-ўзбек алоқалари” мавзусидаги илмий сессияда ўзаро маданий алоқаларнинг ривожланишида машҳур рассом Павел Беньков ижодининг ўрни ва аҳамиятига бағишланган маъруза билан қатнашди.

Маълумки, Павел Беньков 1879 йил 20 декабрда Қозон шаҳрида туғилган. Петербург рассомчилик академиясини тамомлаган. Таълимни Парижда давом эттирган. 1909 йилдан 1929 йилгача П.Беньков Қозондаги рассомчилик билим юртларида тасвирий санъатдан сабоқ беради.

Маърузада ХХ аср давомида Ўзбекистон ва Татаристон тасвирий санъати ўртасида шаклланган ижодий алоқалар, бадиий мактаблар ҳамкорлиги ҳамда Павел Беньков ижодининг ушбу маданий жараёнлардаги ўрни илмий манбалар асосида ёритилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА