"Раҳбар ва ёшлар" учрашувида келгуси вазифалар белгилаб олинди
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да жойлашган Ўзбекистон давлат спорт академиясида ўтказилган “Очиқ эшиклар куни” тадбири доирасида "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви ташкил этилди.
Спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев, МОҚ Бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон давлат спорт академияси ректори Илҳом Турсуналиев ва Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Рашид Маткаримовнинг ёшлар билан мулоқоти давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қўлга киритилаётган натижалар, мавжуд муаммолар хусусида сўз борди.
Юртимиздаги жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги олий таълим даргоҳларида таҳсил олаётган ёшлар учун ҳар жиҳатдан қулай шарт-шароитлар яратилгани қайд этилди.
Шу билан бирга, ёш спортчиларнинг юқори натижаларга эришишини таъминлаш ҳамда спорт соҳасининг долзарб масалалари бўйича илмий-тадқиқот ишларини фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Учрашув давомида ёшлар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар тингланиб, уларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Мутасаддилар ёшларнинг спорт соҳасидаги фаоллигини ошириш, уларни халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этишини таъминлаш ҳамда замонавий билим ва кўникмаларини қўллаб-қувватлаш устувор вазифа эканини билдирди.
[gallery-28407]
Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот якунида ёш спортчиларнинг саволларига атрофлича жавоб берилди ҳамда уларнинг таклифлари асосида келгусида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.
Т.Рўзиев,
Н.Ҳайдаров(сурат), ЎзА