Пробация назоратидаги шахслар жазодан муддатидан олдин озод этилмоқда (+видео)
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5-январда “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда ижтимоий профилактика тизими самарадорлигини янада ошириш устувор вазифалардан бири этиб белгиланди.
Жумладан, пробация назорати остидаги шахсларни қонунларга итоат, ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги ишларни янада кучайтириш мақсадида ҳудудий жиноят ишлари бўйича судлар билан ҳамкорликда “Сайёр суд” тадбирлари ўтказилмоқда. Суд жараёнларида тузалиш йўлига ўтган, белгиланган тақиқ ва мажбуриятларни виждонан бажариб келаётган шахсларни жазо ўташдан муддатидан илгари озод қилиш, жазо ўташдан қасддан бўйин товлаб келаётган шахсларнинг ўталмай қолган жазо муддатини оғирроқ жазо тури билан алмаштириш чоралари кўрилади.
“Кичик хирмонтепа” маҳалласида сайёр суд мажлиси ўтказилди. Пробация назоратидаги 10 нафар шахс жазодан озод этилди. Улар ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиниб, озодликни чеклаш жазосини ўтаб келаётган эди. Жазони ўташ давомида хулқи, пробация қоидаларига риоя қилиши туфайли пробация назоратидан озод этилди. Чилонзор тумани суди судьяси ҳар бир тузалиш йўлига ўтган фуқаронинг хатти-ҳаракатини чуқур ўрганди ва ўз қарорини эълон қилди.
Сайёр судда ИИВ пробация бошқармаси ва ИИББ пробация хизмати раҳбарлари, туман прокурори ва бошқа масъуллар иштирок этди. Шунингдек, тумандаги пробация назоратига олинган шахслар ҳам таклиф этилди. Уларга қонунларни ҳурмат қилиш ва бўйсуниш, жамиятда юриш-туриш қоидаларига итоат қилиш, инсонийлик принциплари, муаммоларни биргаликда ҳал қилиш йўллари тушунтирилди.
Давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан бугунги республикамиз бўйича ўтказилаётган сайёр судларда 163 нафар жазони ўтаётган шахслар муддатидан аввал шартли равишда озод этилди.
Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА