Қўмита йиғилишларида долзарб масалалар муҳокама қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қўмиталар томонидан тадбирлар ўтказилди. Хусусан, Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган давра суҳбатида аҳоли мурожаатлари ва муаммоларини ҳал этишнинг ягона интеграциялашган тизимини яратиш борасидаги ишлар ҳолати муҳокама қилинди. Шунингдек, электрон ҳукумат платформасининг янги модели доирасида маҳалла даражасида давлат хизматларини кўрсатиш бўйича Тошкент шаҳри маҳаллалари раислари билан очиқ мулоқот ҳам ўтказилди.
Қайд этилганидек, мурожаатларни ягона ёндашув асосида қабул қилиш, кўриб чиқиш ва ижросини назорат қилиш борасида ягона интеграциялашган тизимни шакллантириш давлат бошқарувида очиқлик, тезкорлик ва натижадорликни оширишга хизмат қилади.
“Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида аҳоли мурожаатлари ва муаммоларини ҳал этишнинг ягона интеграциялашган тизимини яратиш, бунда барча давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини ушбу платформага улаш, келиб тушган мурожаатлар, уларни ижрочиларга тақсимлаш ва кўриб чиқиш муддатини назорат қилишни сунъий интеллект орқали амалга оширишни йўлга қўйиш ҳамда ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги жамланма шаклда кўрсатиладиган хизматларни 100 тага етказиш бўйича топшириқ белгиланган.
Ушбу вазифалар ижроси бўйича Рақамли технологиялар ва Адлия вазирликлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳолати, уларнинг натижадорлиги, мавжуд муаммолар ҳамда келгусидаги устувор йўналишлар атрофлича муҳокама қилинди. Қайд этилдики, ҳозирда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жами 858 та давлат хизматлари жорий этилган. Шундан 78 таси комплекс шаклда тақдим этиляпти. Йил охиригача бундай хизматлар сонини 100 тага етказиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
***
Парламент қуйи палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ва Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамкорлигида ўтказилган йиғилишда “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг ижро этилиш ҳолатини назорат-таҳлил тартибида Қорақалпоғистон Республикаси мисолида ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ўрганишлар давомида Қорақалпоғистон Республикасида қонун ижросини таъминлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, 34 турдаги ўсимлик бўйича давлат кадастри маълумотлари шакллантирилган. 2024-2026 йиллар давомида ҳудудда 9 та тадбиркорлик субъектлари томонидан 2 784,75 гектар қизилмия плантациялари ташкил этилган. Ҳудудда умумий майдони 3 707 832,95 гектар бўлган 7 та муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мавжуд бўлиб, уларда ўтказилган ўрганишлар натижасида 962 турдаги ўсимлик аниқланган.
Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг доривор хомашёсини йиғиш ва тайёрлаш учун ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш ҳуқуқини берувчи рухсатномалар қонунчилик талабларига мувофиқ расмийлаштирилиб, тасдиқланган квоталар доирасида белгиланган тартибда бериб келинган.
Орол денгизининг қуриб қолган туби ва бошқа чўл ҳудудларида эса ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш, чўл экотизимларини тиклаш ҳамда ўсимлик дунёсининг табиий равишда такрор кўпайиши ва тикланиши учун қулай шароитлар яратишга қаратилган биотехник тадбирлар амалга оширилган. Жумладан, 2025 йилда 115 минг 50 гектар ва жорий йилда биринчи ярим йиллигида эса 116 минг 500 гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ишлари амалга оширилиб, 1,2 млн. тоннага яқин саксовул, қандим, черкез, қорабарақ ва бошқа ҳудуд иқлимига мос ўсимликлар уруғлари экилган.
Муҳокамаларда ўсимликлар ҳақидаги кадастр маълумотларини электрон шаклда юритиш ва мониторинг тизими билан боғлаш, доривор ва иқтисодий аҳамиятга эга ўсимликлар захираларини муҳофаза қилиш зарурлиги айтилди ва бу борада назоратни кучайтириш юзасидан таклиф- тавсиялар билдирилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА