Президент ва тадбиркорлар мулоқоти: иқтисодий сиёсатда янги босқич
Муносабат
Сўнгги саккиз йилда Ўзбекистонда тадбиркорлик муҳитида сезиларли ижобий ўзгаришлар кузатилди. Бу жараёнда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ва ислоҳотларга асосланган стратегик ёндашуви муҳим аҳамият касб этди. 2025 йил 20 август куни тадбиркорлар билан ўтказилган навбатдаги очиқ мулоқот нафақат иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичи, балки давлат ва бизнес ўртасидаги муносабатларни мутлақо янги даражага кўтаришга қаратилган муҳим сиёсий воқелик бўлди.

Бу мулоқот нафақат тадбиркорларнинг фикрларини эшитиш, балки улар билан биргаликда иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишларини белгилаш, муаммоларга аниқ ва амалий ечимлар таклиф қилиш учун янги майдонга айланди.
Жумладан, Президент очиқ мулоқот чоғида алоҳида урғу билан таъкидладики, мамлакат иқтисодиётининг юраги – бу тадбиркорлик. Ҳар бир яратилган иш ўрни, ҳар бир ишлаб чиқарилган ва экспорт қилинган маҳсулот ортида бир тадбиркорнинг жасорати, меҳнати ва ташаббуси туради.
Айтиб ўтиш жоизки, ҳақиқатдан ҳам охирги йилларда мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, айниқса хусусий, секторни қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар ўзининг самарасини кўрсатмоқда. Биргина ўтган даврда иқтисодиётга жалб қилинган 230 миллиард долларлик инвестиция ҳам бунга яққол мисолдир. Айниқса, 120 миллиард доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг жалб қилиниши халқаро ишончнинг ошганини кўрсатади.
Бу рақамлар тасодифий эмас – давлат томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш, уларга қулай шароитлар яратиш, коррупция тўсиқларини йўқотиш ва молиявий ёрдам механизмларини кенгайтириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, солиқ тизими тадбиркорлик учун муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Шу боис солиқ юкини енгиллаштириш, уни оддий ва тушунарли қилиш ҳамда тадбиркорларни “соя”дан чиқариш устувор вазифалардан бирига айланди. Хусусан, айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлар учун 2026 йилдан бошлаб фақат 1 фоиз ставкада солиқ тўлаш имкони яратилади. Бу минглаб кичик бизнес эгалари учун катта енгилликдир. Бу орқали улар қўлларида қоладиган маблағлар орқали фаолиятини кенгайтириш, иш ўринларини кўпайтириш имконига эга бўлади.
Статистикага кўра, 2024 йилнинг дастлабки ярмида 139 мингга яқин корхона 800 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратган. Бу эса солиқ сиёсатининг реал натижаларга эга эканини тасдиқлайди.
Шунингдек, тадбиркорлик фаолияти учун етарли молиявий ресурсларни тақдим этиш ислоҳотларнинг асосий устунларидан биридир. Айниқса, янги иш бошлаётган ёшлар ва кичик бизнес учун қулай шартларда кредит бериш механизми кенгайтирилмоқда.
Шу мақсадда эндиликда “чемпион тадбиркорлар” дастури доирасида ҳар бир фаол бизнес вакили 10 миллиард сўмгача имтиёзли кредит олиши мумкин бўлади. Шунингдек, стартаплар учун 100 миллион доллар йўналтирилиши режалаштирилган бўлиб, 1000 та истиқболли лойиҳани тижоратлаштириш кўзда тутилган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётида туризм соҳасининг ҳам ўрни сезиларли даражада ошмоқда. Ушбу соҳа иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айланди. 2025 йилнинг ўтган даврида 7 миллион хорижий сайёҳ мамлакатга ташриф буюргани, бу соҳада катта салоҳият мавжуд эканини исботлади. Яқин 3-4 йилда хорижлик туристлар йиллик оқими камида 15 миллионга етади.
Мулоқотда Президент бу йўналишда ҳам тадбиркорлар учун жуда катта имкониятлар яратилишини маълум қилди. Хусусан, 5 минг гектар ер майдони меҳмонхона, дам олиш масканлари ва бошқа туризм объектлари учун аукцион орқали тақдим этилади. Бунда меҳмонхона қурмоқчи бўлган тадбиркорлардан ерларни сотиб олиш учун тўлов ундирилмайди. Эвазига давлат шу сумма билан лойиҳага улушдор бўлиб киради. Бу ёндашув жуда инновацион бўлиб, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигининг ёрқин намунасидир.
Қолаверса, туризм соҳаси учун 30 миллиард сўмгача имтиёзли кредит, 20 фоизлик чегирма ва 7 йиллик муддат билан молиялаштириш каби қулайликлар ҳам белгиланган.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Ҳукумат хусусий секторнинг фақат иқтисодий соҳалардагина эмас, балки ижтимоий соҳаларда ҳам фаол иштирокини қўллаб-қувватламоқда. Жумладан, мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим соҳаларида тадбиркорларнинг иштироки рағбатлантирилмоқда.
Эндиликда ҳам ушбу ислоҳотлар давом эттирилиб, боғча ва мактаб қуриш учун ажратиладиган ерлар 30 йил муддатга текин ижарага берилади. Шу билан бирга, хусусий муассасаларда таълим олаётган ҳар бир бола учун давлат томонидан муайян миқдорда субсидия тўлаб берилади. Бу ота-оналар учун ҳам, тадбиркорлар учун ҳам катта ёрдам ҳисобланади.
Сир эмас, бугунги таҳликали даврда замонавий иқтисодиёт рақамлаштириш ва технологияларга асосланади. Шу боис, Ўзбекистонда ҳам айниқса IT, финтех, агротех, биотехнология ва бошқа янги йўналишлардаги стартапларга кенг йўл очилмоқда. Хусусан, IT, финтех ва стартапларга кенг йўл очилгани натижасида маркетплейслар сони уч йил ичида 24 тадан 163 тага кўпайди.
Тадбиркор ва ҳунармандлар ўз маҳсулотларини рақамли платформалар орқали экспорт қилишга ўрганди. Улар анъанавий экспортдаги каби миллий ва хорижий маркетплейсларда четга сотган товари учун ҚҚСни қайтаришни сўраган. Президент томонидан мутасаддиларга бунинг тартибини тасдиқлаб, амалиётга жорий қилиш топширилди.
Умуман, финтех-стартапларни кўпайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича беш йиллик стратегия қабул қилинади. Рақамли молиявий хизматларни кўпайтириш учун банклар, финтех компаниялар ва стартаплар ўртасида кўприк бўладиган янги экотизим – “очиқ банкинг” жорий қилинади. Буларнинг ҳисобига яқин йилларда стартап лойиҳаларга киритилаётган инвестициялар ҳажми ҳозиргидан 10 карра ошади.
Хулоса қилиб айтганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан бўлиб ўтган навбатдаги очиқ мулоқоти Ўзбекистондаги иқтисодий сиёсатнинг янги босқичга кўтарилганини кўрсатди. Бу нафақат давлат раҳбари ва тадбиркорлар ўртасидаги мулоқот майдони, балки аниқ ечимлар, амалий натижалар ва келажакка қаратилган дастурларни муҳокама қилиш имкони бўлди.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Меҳнат, соғлиқни сақлаш
ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.
ЎзА