Пок ният билан аҳилликда ишлаш самараси
Рости, хорижнинг мантиқсиз сериаллари меъдага урганиданми, бундай кўп серияли фильмлар ўзи керакми, деб кўп ўйлардим.
Куни кеча ўзбек киноижодкорлари томонидан суратга олинган "Эзгулик ҳудуди" сериалининг София шаҳрида бўлиб ўтган Евроосиё маконидаги "Славянские сказки" VIII халқаро телекинофестивалида "Энг яхши режиссёрлик иши учун" номинациясида Гран-при мукофотига сазовор бўлгани ҳақидаги хабар мукаммал картинага ҳамиша талаб ва эътибор катта эканини яна бир карра исботлади.
Картина ижодкорлари билан унинг яратилиши тарихи, суратга олишнинг ўзига хос жараёнлари хусусида суҳбатлашдик.
Киноижодкорларга "Ушбу сериалнинг яратилишига нима туртки бўлган? " деган савол билан юзландик.
–- "Эзгулик ҳудуди" сериалини яратишга оид ғоя аслида давлатимиз раҳбарига тааллуқли, – деди сериал бадиий раҳбари, "Ўзбектелефильм" студияси директори Ўткир Аҳмедов. – Маҳаллаларда вояга етмаган ёшлар билан ишлаш бўйича профилактика нозирлари фаолияти энди-энди йўлга қўйилаётган пайтлар эди. Биламизки, ёшлар тарбияси, уларнинг катта ҳаёт остонасидаги босган қадами, умр йўлидаги мўлжални тўғри олиши кўп жиҳатдан маҳалладаги вояга етмаганлар билан иш олиб борувчи профилактика инспекторининг касбий маҳорати, билими, салоҳияти, инсоний фазилатларига кўп жиҳатдан боғлиқдир.
"Эзгулик ҳудуди"кўп сериали картинаси ҳам айнан кейинчалик бошқа ишга ўтиб кетиш нияти билан иш бошлаган профилактика инспекторининг фаолияти, бу касб бора-бора унинг умр мазмуни, ҳаёт тарзига айланиб қолиши хусусида ҳикоя қилади. Аслида 10 қисмдан иборат ушбу сериал 2018 йилда яратилган. Ўтган 2020 йил бутун дунёда оғир пандемия шароити бўлгани сабабли, бу йил онлайн ўтказилган мазкур халқаро фестивалнинг натижаси биз ижодкорларга катта куч, илҳом бағишлади, десак муболаға бўлмайди.
-- Сериалнинг халқаро миқёсдаги юқори эътирофига қандай омиллар сабабчи бўлган?
–- Сир эмаски, бугунги кунда аксарият киночилар асарнинг эзгу мақсадини, одамларга яхшилик улашишга оид инсонпарвар миссиясини, юмшоқ айтганда, унутиб қўймоқда, — деди "Эзгулик ҳудуди" картинаси постановкачи режиссёри Музаффархон Эркинов. -- Халқаро фестиваль мутасаддиларининг фикрича, "Эзгулик ҳудуди" сериали бугун кинода тобора камайиб бораётган тенденция, яъни томошабинни яхшиликка ундаши, ишонч, умид, ёруғлик бағишлаши, позитив кайфияти билан диққатга сазовор.
– Маълумки, бугунги глобаллашув даврида Ўзбекистондагидек маҳалла институти жаҳонда ягона ва ўзига хос институт саналади, – сўзида давом этади Музаффархон Эркинов. – Унинг ўзига хослиги одамлар, оилалар, ёшлар тақдирига масъулият билан ёндашиши, меҳр, саховат, мурувват, одамийлик каби кўп асрлик ибратли қадриятларни ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир. Бу жиҳатлар картинада имкон қадар ҳаётий очиб беришга ҳаракат қилинган. Бугун маънавият масаласи тобора кўндаланг ва долзарб бўлиб турган бир мураккаб даврда фақат пултопар, турли салбий иллатларни, ёмонликларни тарғиб этувчи фильмлар экранларимизни эгаллаб олганидан кўз юмиб бўлмайди. Шу сабабли ҳам давлат раҳбари томонидан ижодкор зиёлилар, айниқса, киночилар зиммасига бадиий жиҳатдан пишиқ, мукаммал асарлар яратиш бўйича ўта долзарб вазифалар қўйилаётгани бежиз эмас.
-- Яхши кино асарнинг муваффақиятида ижодий жамоанинг пухта шакллантирилгани ҳам асосий омил саналади. Шундай эмасми?
Бу саволимга сериал бадиий раҳбари Ўткир Аҳмедов шундай жавоб қайтарди:
– Дарҳақиқат, "Эзгулик ҳудуди"нинг халқаро миқёсдаги ютуғи бу – фильм сценарийи муаллифлари Элмира Ҳасанова, Назар Эшонқул, постановкачи оператор Равшан Мирзакамолов, асосий ролларда қатнашган актёрлар – Шоҳруҳ Ҳамдамов, раҳматли Ҳошим Арслонов, халқимизнинг севимли санъаткори Саидкомил Умаров, Юлдуз Ражабова, яна кўплаб биз номларини санамаган ижодкорларнинг аҳил, бир жамоа бўлиб меҳнат қилгани туфайлидир. Яхши ниятлар билан, ҳамфикр, якдил, бир-бирини тўғри тушуниб, астойдил қилинган меҳнат албатта ўзининг яхши натижасини беради.
ЎзА мухбири
Назокат Усмонова суҳбатлашди.