Параспорт: инсон қадри юксалмоқда
Юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса, параспортни ривожлантириш орқали имконияти чекланган инсонларнинг жисмоний саломатлигини мустаҳкамлаш, руҳий барқарорлигини ошириш ҳамда уларда ғалабага интилиш туйғусини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда Қоракўл туманида 5846 нафар ногиронлиги бўлган фуқаро истиқомат қилади. Шундан 584 нафарига тиббий-ижтимоий экспертиза хулосасига кўра параспорт билан мунтазам шуғулланиш тавсия этилган. Мазкур йўналишда туман спорт бўлими томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Хусусан, Қоракўл эркаклар “Мурувват” уйида ҳозирги кунда 5 та спорт тўгараги фаолият юритмоқда. Уларда пара дзюдо, пара шахмат, шашка ҳамда пара стол тенниси каби йўналишларда машғулотлар ташкил этилган. Айни пайтда 228 нафар имконияти чекланган фуқаро ушбу тўгаракларда доимий равишда қатнашиб, ўзининг жисмоний имкониятлари билан бир қаторда иродаси ва ишончини ҳам мустаҳкамламоқда.

Эътиборлиси, жорий йил якунига қадар тўгараклар сонини 8 тага етказиш, иштирокчилар сонини эса икки баробарга ошириш режалаштирилган. Бу эса туманда параспорт қамровини янада кенгайтириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифати ва ижтимоий фаоллигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Шу мақсадда Қоракўл туманида “Беш ташаббус паралимпиадаси” мусобақаси ҳам юқори савияда ташкил этилди. Мазкур тадбир ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва фаоллигини мустаҳкамлаш, спорт орқали ижтимоий интеграциясини таъминлашга қаратилди.
Мусобақалар доирасида шахмат, шашка, стол тенниси, енгил атлетика ва бошқа спорт турлари бўйича қизғин баҳслар бўлиб ўтди. Ҳар бир иштирокчи ўз маҳорати, сабр-тоқати ва ғалабага бўлган қатъий интилишини намоён этди.
Хулоса қилиб айтганда, параспорт нафақат жисмоний тарбия воситаси, балки инсон қалбида ишонч, ҳаётга муҳаббат ва келажакка умид уйғотувчи муҳим соҳадир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.