Ўзбекистон ва Тожикистон футзал терма жамоалари ўртасида назорат учрашувлари ўтказилди
ФИФА тақвимидан ўрин олган халқаро ўйинлар кунларида футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тожикистон миллий терма жамоасига қарши иккита ўртоқлик учрашувини ўтказди. Янги бош мураббий Баҳодир Аҳмедов бошчилигидаги футзалчиларимиз мазкур баҳсларда бир ғалаба ва бир дуранг қайд этди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси тасарруфидаги Терма жамоалар марказида мухлислар иштирокисиз, ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган дастлабки учрашувда ҳамюртларимиз рақиб дарвозасига жавобсиз учта тўп киритиб, 3:0 ҳисобида зафар қучди.
Кеча пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида ташкил этилган иккинчи беллашув эса муросасиз кечди. Ҳар икки жамоа бир мартадан рақиб дарвозасини ишғол қилди ва баҳс 1:1 ҳисобида якунланди.
Мазкур назорат учрашувлари миллий терма жамоамиз учун янги мураббийлар штаби бошчилигида жамоавий ўйинни такомиллаштириш, футболчиларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш ҳамда турли тактик ёндашувларни синовдан ўтказиш имкониятини берди.
[gallery-32448]
Икки учрашув якунида қайд этилган натижалар терма жамоамизнинг кейинги тайёргарлик жараёнида муҳим аҳамият касб этади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА